“Аёлнинг илмли бўлиши биз учун жуда муҳим. Унинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Бу худди гўштга сепилган туздек... Миллатни айниб кетишдан асрайди!”
“Дарё” мухбири ўз мақолаларида мана шу каби долзарб муаммоларни қаламга олаётган журналист — Шаҳина Абдураззоқ билан суҳбат уюштирди.
— Мақолаларингиздан бирида қизларнинг эрта турмушга узатилаётгани, куёвлар эса тўй ўтар-ўтмас, чет элга ишлаш учун кетаётгани, кўпгина оилаларда фарзандлар отасиз ўсаётгани, келинчаклар эса ҳақ-ҳуқуқсиз қолиб кетаётгани ҳақида ёзгансиз. Жуда оғриқли мавзу. Шундай ҳолатларни ўзингиз кўриб, кузатиб ёздингизми?
— Агар бундай воқеаларга ўзим гувоҳ бўлмаганимда, уларни қаламга олмас эдим. Ҳар бир сатр ортида бир инсоннинг тақдири, дарди ётибди. Инсон ҳётда қилган ишлари учунгина эмас, қодир бўла туриб қилмаган ишлари, ёзмаган ҳақиқатлари учун ҳам жавоб беради. Масалан, имкон бўла туриб кимгадир ёрдам бермагани учун... Биз қизларимизни турмушга узатаётганда, асосан, куёвнинг “фалончилардан” экани, пули кўплигига эътибор қаратамиз. Оқибатда эса... Мана, мисол учун, косонлик бир келинчакнинг онаси менга мурожаат қилди.
Куёв қизини муттасил равишда калтаклаган, уйдан ҳайдаган. Она эса қизига сабр едирган, “фарзандларинг бор, чидагин” деган. Охири келин вафот этибди. Куёв томон эса унинг жасадини осиб қўйиб, тез ёрдам чақирган, гўёки келин ўз жонига қасд қилгандек... Хуллас калом, келинни ҳеч бир суриштирувсиз дафн этишди. Аммо баъзи ҳолатлар видеотасвирга тушиб қолган экан. Қайта тергов ўтказилиб, куёв қамалди. Икки, тўрт ва олти ёшли фарзандлар эса иккитаси ота томонда, биттаси она томонда қолди. Ота-онаси бор инсонларнинг ҳаёт сўқмоқларидан ўтиши осон эмас, энди ҳам онадан, ҳам отадан айрилган ўша уч нафар болакайнинг тақдири қандай кечаркин?
Оилада муаммоси бор аёл биринчи навбатда маҳалла идорасига мурожаат қилади, шунда ҳам юрак ютиб борса, бормайдиганлари қанча. Маҳаллада эса уларга оилавий сирни кўчага олиб чиқмаслик, сабрли, ҳаёли бўлиш зарурлиги тушунтирилади. Бундай насиҳатбозлик мажлисларида куёвтўралар бемалол ястаниб ўтиришади. Чунки ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демайди. Ваҳоланки, жанжалнинг сабабчиси ўзи, ҳамма эътироз, насиҳат эса келинга қаратилади. Оқибатда, келин шўрлик куёвни “кўпчилик олдида шарманда қилгани учун” уйда яна калтак ейди. Бундай воқеаларга ўзим йиллар давомида гувоҳ бўлиб келяпман.
Айрим ҳолатларда эса, аёллар оғзаки мурожаат этгани сабабли уларнинг мурожаати рўйхатга ҳам олинмайди. Маҳалла идорасига бир йигит келди. Унинг опасини куёв уриб ўлдириб қўйган. Ҳалиги йигит “опам сизларга мурожаат қилиб келган экан” деса, маҳалладагилар “мурожаат қилган бўлса, қани аризаси, бизга келмаган” деб баҳона қилишибди, ваҳоланки, юқорида айтганимдек, рўйхатга олинмаган экан.
— Инсон ёзмаган ҳақиқатлари учун ҳам жавоб беради, дедингиз. Менимча, ҳозир, айниқса, ижтимоий тармоқларда, сайтларда ҳар қандай мавзу ҳақида очиқ-ойдин ёзиш, кескин фикрлар билдириш мумкин. Ёки сизга “фалон мавзуни кўтарма”, деган тазйиқлар ҳам бўлганми?
— “Док-1 Макс” дорисидан заҳарланиб ўлган болалар мавзусида ёзган эдим. Жуда кескин оҳангларда ёзилган эди ўша мақола. Чунки жонлантириш бўлимида ётган боланинг азобларини кўрганман. Агар катта ёшдаги одам шунчалик қийналса, ўлимига ҳам рози бўлади. Аммо бола қон қусиб турса-да, яна онасининг кўкрагига ёпишарди. Ҳаётга чанқоқликни қаранг... Бу борада очиқланган статистика билан бирга, очиқланмагани ҳам бор, деб ўйлайман. Чунки қанчадан қанча ҳолатларда ўша сиропдан заҳарлангани аниқ бўлса ҳам, бемор болаларни бошқа ташхис билан рўйхатдан ўтказишган. Аслида, уларнинг сони битта бўлса ҳам, бу фожиа. Мана шу мавзуда ёзганимда “чақирувлар” бўлган. Менга нималарнидир “тушунтирмоқчи” бўлган ходимга мен ҳам ўз қарашларимни тушунтирганман. “Ўзингизнинг фарзандингиз борми? Бир сония кўрмай қолсангиз, қай аҳволга тушасиз?” деб сўраганман.
— Қизларнинг илмли бўлиши ҳақида ёзгансиз. Биласизки, бугунги кунда нафақат Тошкентда, балки барча вилоятларда ҳам университетлар бор, улардан ташқари, қанчадан қанча давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари ишлаб турибди. Яъни қизларимизнинг таълим олиши учун ҳамма шароитлар бор. Аммо диплом билан муаммо ҳал бўлиб қоладими, генларимизга сингиб кетган иллатларни олий маълумот ҳал қиладими?
— Мен шундай дипломли аёлларни биламанки, илмий ишларни ёқлаб қўйишган, лекин уйда ўтиради. Оиласини биринчи ўринга қўйган. Шундай хонадонларга кирсангиз, жуда ёқимли муҳит бор. Фикримча, диплом кўп нарсани ўзгартирмайди. Ҳамма гап таълим-тарбияда. Шунчаки инсоннинг қўлига диплом тутқазиб қўйиш билан ҳеч нарсага эришолмаймиз. Аёл ўқиса, диплом олса, борингки, оиласининг моддий таъминотига ҳисса қўшса-ю, аммо эрини ҳурмат қилмаса, оила муқаддас деган тушунчаси бўлмаса, бундай оила мустаҳкам бўлмайди.
Ўтган йилги ажримларнинг асосий сабабларидан бири эр-хотиннинг “бир-бирини тушунмаслиги” бўлган. Очиқ тан олиш керак, эркакка ҳамён сифатида қарайдиган бўлиб қолдик. Куёв танлашда ҳам шу мезон. Бадавлат оиладан, яхши жойда ишлайди... Лекин инсон сифатидачи? Бу тарафи кўп ҳам қизиқтирмайди. Охир-оқибат, 2-3 та фарзандли бўлгач, ажрашиш ёқасига келиб қолганда ҳам, айб “нариги тарафдан” қидирилади. Кейин эса сеҳр-жоду қилишгача борилади. Бундайлар орасида дипломли аёллар ҳам, дипломсизлари ҳам бор. Жамиятда аёлнинг майдалашиш жараёнларини тушуняпсизми?
Яна бир ҳолат: Эр минг машаққат билан хорижда меҳнат қилиб, оиласини тебратяпти. Оғзига кучи етмаган, ғийбатни яхши кўрадиган “таниш-билишлар” эса уйда қолган аёл ҳақида ҳар хил гап-сўзлар тарқатишади. Оқибатда, оилага дарз кетади. Ҳалигидай гапларга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай боши қотган, болаларини кўзи қиймаётган эркакларнинг қанчалик изтиробга тушганини ҳам кўрганман. Ваҳоланки, ўша гап-сўзларни тарқатганлардан сўрасангиз, ҳеч қандай далил-исботи йўқ, фақат кимлардандир эшитган бўҳтонларга бирга мингни қўшиб тарқатиб юборган. Оқибатда, яна ўша келажагимиз бўлган норасидалар жабр кўради.
— Лекин аёлга ҳам кўп нарса боғлиқ. Турмуш ўртоғим қийинчилик билан пул топяпти, шуни фарзандларимизнинг илмли бўлиши учун сарфлайлик, токи улар яхши яшасин, бир кунлик тўй учун сарфлаб юбормайлик, дейиши керак-ку. Лекин ундай демайди, аксинча, эрининг қулоқ-миясини қоқиб, керак-нокерак урф-одатларни қилиш шартлигига кўндиради. Илмсиз ўсган бола эса катта бўлгач, отанинг ортидан мардикорликка равона бўлади.
— Аёлларимиз ҳаётнинг мазмунини тўй-ҳашам билан эмас, илм билан баҳолаганларида қани эди... Юқорида айтилганидек, эркакка ҳамён сифатида қараймиз. Шуни қилиши керак, вассалом! Ваҳоланки, эркак ҳам хорижда сарсон бўлиб юришни истамайди, уйда болалари олдида бўлишни, аёлидан меҳр кўришни истайди. Топган пули тўйга совуриб юборилгач, мажбур-да, яна тўнни елкага ташлаб, мардикорликка кетишга. Биз фақат ташқи тарафдан яшаётгандекмиз. Данғиллама уй қурамиз. Ўша уйнинг ҳар бир ғишти ўғлимизнинг, турмуш ўртоғимизнинг соғлиғи ҳисобига келганини эса кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз. Тўй-ҳашамларимизда ҳам шу аҳвол. Фақат атрофдагилар учун, одамлар нима деркан, деган саволга жавоб топиш учун тиришамиз. Ваҳоланки, фарзандларимиз илмли бўлиб, ҳам ўзи учун, ҳам жамият учун фойда келтирадиган касбни эгаллаганда эди, ундан ҳамма манфаат кўрар эди. Агар биз фақат ўзимизнинг орзу-ҳавасларимизни ўйлайвермасдан, фарзандларимиз нима хоҳлаётгани билан қизиқсак, уларга шароит яратиб берсак ва илм дарвозаларини очсак, юқорида айтганимиз — оилавий фожиалар, ажримлар камайган бўлар эди.
Олимжон Сафоев суҳбатлашди
Изоҳ (0)