Дубай полицияси 25 миллион долларлик ноёб пушти олмосни ўғирлаган жиноятчиларни атиги 8 соат ичида сунъий интеллект ёрдамида қўлга олди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Полициянинг айтишича, Европадан олмос олиб келган савдогар жиноятчилар томонидан виллага чақирилган. Савдогар келгач, тош қўлга киритилган ва ўғирланган. Орадан кўп ўтмай, 3 нафар гумондор Дубай полициясининг махсус гуруҳлари ва сунъий интеллект ёрдамида ушланган. Уларнинг барчаси Осиё давлатларидан экани айтилмоқда.
Маълумот ўрнида, Дубай дунёдаги энг йирик олмос савдо марказларидан бири ҳисобланади. БАА эса ўз навбатида мамлакатдаги хавфсизлик ва барқарорлик даражаси билан фахрланади.
Сунъий интеллект ҳаётнинг турли жабҳаларида инсонларга кўмак бериб келмоқда. Хусусан, ушбу технология ёрдамида нафақат полиция, балки бошқа соҳа вакилларининг ҳам иши осонлашмоқда. Олдинроқ Италиянинг Пиедмонт округида бир йилга яқин вақт давомида бедарак йўқолган 64 ёшли шифокор Никола Ивалдонинг жасади сунъий интеллект ёрдамида топилгани хабар қилинганди.
Италия Миллий Алп ва ғор қутқарув хизмати 1 йил давомида Никола Ивалдони қидирув ишларини олиб борган. Аммо анъанавий қидирув усуллари натижа бермагач, жараёнга замонавий дронлар жалб қилинган. 2 та дрон 29 июль куни 5 соат мобайнида Пиедмонт округидаги ўрмон ҳудудларини кузатган. Сўнгра қутқарувчилар бу тасвирларни СИга юклаган ва натижада технология дарҳол “шубҳали нуқталар”ни аниқлаб, жасад жойлашган ҳудудни топиб берган эди.
Изоҳ (0)