Сурхондарё вилоятида 120 гектар ерда қурилган Ўзбекистон ва Афғонистон қўшма бозори афғон ва ўзбек халқининг эътиборидаги масканлардан бири бўлиб турибди.
“Дарё” мухбири ушбу бозорга бориб, тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида дўкондорлар, харидорлар ва ташриф буюрувчилар билан суҳбатлашди.
Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма бозорда икки давлат фуқаролари учун меҳмонхоналар, шифохоналар, ресторанлар ва бошқа қулайликлар яратилган бўлиб, бу ерга афғон сармоядорлари ҳам сармоя киритишлари мумкин.
Маълум қилинишича, бу бозорда 500 дўкон бор ва ўнлаб афғонлар бу ерда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Афғонистон фуқаролари мазкур бозор ҳудудига визасиз келиб, зарурат туғилганда 15 кунгача шу бозор меҳмонхоналарида қолиб, тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин.
Бироқ “Толибон” ҳукумати қўшма бозорга бориш ниятида бўлган афғон аёлларига чекловлар жорий қилган.
40 ёшдан ошган аёллар қўшма бозорга кириши мумкин, 40 ёшгача бўлган аёллар эса бозор касалхонасида даволаниш учун зарур ҳужжатларга эга бўлмаса, бозорга киритилмайди.
Афғонистонлик дўкондорлар ушбу бозорнинг ташкил этилишини икки мамлакат халқининг иқтисодий ўсиши ва ривожланишида фойдали деб ҳисоблайдилар.
Навидулла Мозори Шариф шаҳрида дўкондор бўлиб, отаси билан қўшма бозорга тухум ва ёғ сотиб олиш учун келган. Унинг айтишича, бу бозордаги маҳсулотлар Мозори Шариф бозоридан бир оз қимматроқ.
Шу билан бирга, бир қатор афғон тадбиркорлари ушбу бозорнинг барпо этилиши мамлакат иқтисодиёти юксалиши учун жуда муҳим деб ҳисобламоқда.
Тадбиркор Муҳаммад Латифнинг айтишича, бу бозорнинг ташкил этилиши икки давлат учун ҳам фойдали, икки давлат тадбиркорларининг бизнеси юксалади, бу бозор ташкил этилиши билан икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшиланади.
Бу ерни томоша қилиш учун келган Муҳаммад Сардор қўшма бозор ташкил этилганидан жуда хурсанд эканини айтди.
“Бу қўшни давлатлар ўртасидаги яхши муносабатлардан далолат беради ва биз бу муносабатларни ривожлантиришга ҳаракат қилишимиз керак, чунки бу бозор икки давлат савдогарлари учун ҳам фойдалидир”, деди у.
Айтиш жоизки, қўшма бозорга кирган афғонларга бу бозорда АҚШ долларидан фойдаланиш тақиқланган.
Фақатгина Афғонистон ва Ўзбекистон миллий валютаси билан маҳсулотларни сотиб олиш мумкин.
Изоҳ (0)