Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича тергов судьяси лавозими жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. Қуйида тергов судьясига бериладиган ваколатлар ҳақида маълумот берилди.
Президент фармонига мувофиқ, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади:
қуйидагилар бўйича санкциялар:
- қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
- қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;
- паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
- мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
- почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
- тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
- телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
- мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:
- айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
- шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
- айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
- ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
Шунингдек, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколати берилади.
Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди. Тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилади.
Изоҳ (0)