Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни “Олий даражали дўстлик” ордени билан мукофотлади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, икки томонлама музокаралар якунида Туркман халқининг миллий етакчиси, Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг ушбу юксак давлат мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.
“Қардош Туркманистоннинг барча улкан ютуқлари, кенг кўламли янгиланишлари ва халқаро майдондаги нуфузи юксалиши сизнинг номингиз билан чамбарчас боғлиқ”, деди Ўзбекистон президенти.


-BatKsWA2.avif)
Шавкат Мирзиёев туркман халқининг миллий етакчиси томонидан илгари сурилаётган глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги халқаро ташаббусларни алоҳида қайд этди. Шу муносабат билан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2025 йилни “Тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Президент Туркманистон етакчисининг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон—Туркманистон муносабатлари бугунги кунда юксак даражага чиққани, ҳақиқатдан намунавий тус олганини айтди.
“Шахсан сизнинг кўмагингиз билан 2017 йилда давлатларимиз стратегик шериклигининг мустаҳкам асоси яратилди, деди Шавкат Мирзиёев.
Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг олий мукофоти топширилиши кўп миллатли халқнинг атоқли давлат арбоби, бугунги Туркманистоннинг миллий етакчиси ва меъмори сифатида унга нисбатан самимий ҳурмат-эҳтироми ифодаси бўлгани таъкидланди.
Гурбангули Бердимуҳамедовга мукофот топширилишидан лавҳалар

-8Bb4agN8.avif)
-NSlfGM1T.avif)


-Bqd68nSS.avif)



Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф билан 23 апрель куни келганди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон президенти кутиб олди.
Шу куни улар Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Қабрга гуллар қўйилди. Қуръон тиловат қилинди. Сўнг улар “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг бой маданий меросини акс эттирувчи кўргазмалар, ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари билан танишди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур намойиш этилди.
24 апрель куни Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)