Элёрбек Каримов Андижон шаҳри ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар у Избоскан тумани ҳокими лавозимида фаолият юритаётган эди.
Элёрбек Каримов фаолияти давомида ғазначилик ҳамда молия тизимининг туман ҳамда вилоят идораларида масъул лавозимларда, шунингдек, Избоскан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.
20 апрель куни бир-биридан мустақил “Дарё” манбалари Андижон шаҳри ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов лавозимидан озод этилганини хабар қилганди.
Унда айтилишича, 19 апрель, шанба куни Ғофуржон Абдураҳмонов вилоят ҳокимлигига чақиртирилиб, ундан ўз хоҳишига кўра ариза ёзиб бериш сўралган. Бунга шаҳар бандлик бўлими бошлиғининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.
“Ҳокимнинг ишдан олинишига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вилоят бошқармаси Андижон шаҳар бўлими бошлиғининг иш вақтида кабинетида психотроп модда истеъмол қилаётгани сабаб бўлиши мумкин”, деган эди “Дарё” манбаларидан бири.
Андижон вилояти ҳокими матбуот хизмати Рустамжон Эшонов шаҳар ҳокимининг ишдан олингани ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва ҳеч қандай расмий асосга эга эмаслигини билдириб, агар ўзгариш бўлса, хабар берилишини айтганди.
Изоҳ (0)