АҚШдаги Демократ ва Республикачи партиялар Россияни душман деб билади ва президентлик сайловлари натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, уни мағлуб этишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров маълум қилди.
Яқинда Қўшма Штатларда президентлик сайловлари бўлиб ўтади, демократлар ва республикачилар ўртасида Россия ва Хитойга нисбатан ҳеч қандай бўлиниш йўқ. Сайловларда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, биз улар учун душманмиз, — деди россиялик вазир.
АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Собиқ президент Дональд Трамп Республикачилар партиясидан давлат раҳбарилигига номзод сифатида кўрсатилиши учун зарур бўлган делегатлар овозини тўплаган. Иккинчи муддатга даъвогарлик қилаётган амалдаги президент Жо Байден Демократик партиядан етарли миқдордаги делегатнинг қўллаб-қувватлашига эришган.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин АҚШ президентлик сайловларида Жо Байден ғалаба қозонса, Россия учун яхшироқ бўлишини айтган эди.
Байден. У тажрибалироқ одам, у эски формация сиёсатчиси. Лекин биз Америка халқи ишонч билдирган ҳар қандай АҚШ раҳбари билан ишлаймиз, — деган эди Россия раҳбари.
Изоҳ (0)