“Дарё” қисқа ҳикоялар танловини эълон қилгани ҳақида аввал хабар берилганди.
Ўтган вақт давомида жуда кўплаб обуначиларимиз томонидан турли жанрдаги бир-биридан қизиқ ва мазмунли ҳикоялар юборилди. Барча ижодкорларни янада фаол бўлишга чорлаб қоламиз. Танлов ғолиблари 30 майдан сўнг аниқланади.
Қуйида таҳририятимизга келган баъзи ҳикояларни эълон қиламиз.
Аслият
“Ватан учун жон фидо” журнали бош муҳаррири Green card учун тўлдирган ҳужжатларини авайлаб шкафнинг энг тепасига қўйди...
Устоз ва шогирд
Россиядаги қурилишларда ишлаётган йигит юк ташиш жараёнида устозининг доим такрорлайдиган гапларини яна эслади. “Яхши ўқимасанг, яхши иш тополмайсан!” Унинг фикрини юқори қаватдан жаҳл билан қичқирган, ўзига жуда таниш бўлган овоз бўлди: “Эҳ Солиев, Солиев! Ҳеч ўзгармадинг-да. Дарсда ҳам доим шундай ўтирарардинг. Тезроқ ғиштларни олиб чиқ буёққа…”
Нурзодбек Воҳидов
Сўнгги қўнғироқ
Анчадан буён бемор ётган опа синглисига қўнғироқ қилди.
“Э, яна опамми, ярим соат гапириб вақтимни олади”, ўйлади сингил қўлидаги телефоннинг овозини ўчириб, қўнғироқ тугашини сабрсизлик билан кутаркан.
Бу сўнгги қўнғироқ эканлигини опа ҳам, сингил ҳам билмасди.
Одат
“Ҳозир қайтиб қўнғироқ қилвораман”, — деди у. Бу гапни кун давомида жуда кўпчиликка айтгани учун бир оздан кейин ким билан гаплашганини ҳам эслай олмади ва одатига кўра ҳеч кимга қайта қўнғироқ қилмай қўяқолди.
Дилшодбек Асқаров
Исён
— Сен мени хунук қилиб яратдинг ! Мен эса ўзимни 42 йил пок тутдим ! Нега бугун шайтоннинг қўшни аёл сиймосига киришига ва мени бузуқликда айблашига йўл қўйдинг?! Сўнгги совчилар қайтиб кетди! ...
... Стул йиқилди. Бир жуфт нафис оёқлар ҳавода муаллақ осилиб қолди!..
Янги ҳаёт
Авиакассага дўстлари томонидан оппоқ кўйлагига ям-яшил ранг сепилган ва шу тарзда диплом олганини нишонлаган ёшгина йигит кириб келди-да, бўғзига тиқилиб турган аламли оҳанг билан сотувчи қизга қарата шундай деди :
— Билет керак. Россияга !
Сўнгги чора
Онамнинг операциясига пул керак! Катта пул! “Алифбе”йимни сотаман!
Абдулла Омон
Виждон
Ундан ҳамма юз ўгирди. Таклиф қилинган миллионлаб пул эвазига биргина ёлғон гувоҳлик берса бўлди эди. Қилолмади. Ишидан айрилди, турмуш ўртоғи ташлаб кетди, дўстлари юз ўгирди. Кўчага чиқиб, тоза ҳаводан чуқур нафас олди. Унда биргина нарса — виждон қолган эди.
Шаҳло Ҳамидова
Бойчечак
Аёл ўғлига бир тарсаки тортди.
— Кеч бўлганда қаердан келяпсан?!
Болакай ўнг қўлини кўйлагининг ичига тиқиб олганди. Юзида иккиланиш зоҳир бўлди.
— Қирдан, — деди у.
— Мен уйдан чиқма, дегандим-ку! Нимадир ўғирладингми? Кўрсат-чи.
Яна бир тарсаки тушгач, болакай қўйнидан бир дона бойчечак чиқарди.
— Излаб-излаб биттагина топдим, — бойчечакни узатди у. — Туғилган кунингиз билан, ойижон.
Насиба
Дераза ортидан лип этиб шарпа ўтди.
— Ашраф ота-ку! Нима қиламиз? — деди Ойжамол.
Эр-хотин жигар қовуриб, энди емоқчи бўлиб туришганди. Акрам афтини буриштириб:
— Ошга пашша тушди, яшир, — деди.
— Кўзимиз учиб турганди... Қоронғидаям тинчимайди бу чол.
Ойжамол қовурдоқни яширди. Эшик очилди, рўмолга товоқ тугиб олган чол кўринди.
— Кампир ош қилувди, — деди чол, — сизларгаям илиндик...
Шоҳниёз Мелибоев
Ҳаёт
— Мактабни битирганимдан кейин ўзим истаган ҳаётда яшайман.
— Ўқишга кирганимдан кейин ўзим истаган ҳаётда яшайман.
— Ўқишни битирсам, ўзим истаган ҳаётда яшайман.
— Ишга кирсам, ўзим истаган ҳаётда яшайман.
— Пенсияга чиққанимда ўзим истаган ҳаётда яшайман.
— Фарзандларимнинг ҳаммасини уйли-жойли қилиб, кейин ўзим истаган ҳаётда яшайман.
Қандай ҳаётни истагандим ўзи?... Эсимдан чиқди...
Дилфуза Тоҳирова
* * *
Эслатиб ўтамиз, қисқа ҳикоялар танлови 30 майга қадар давом этади. Ўз ҳикояларингизни @daryo_hikoyalar_bot орқали юборишингиз мумкин. Танловлар шартлари билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.
Ғолибларга “Дарё” интернет нашрининг ҳамкори — Asaxiy интернет дўкони томонидан тақдим қилинган совғалар топширилади.
1-ўринга — 30 та китоб
2-ўринга — 20 та китоб
3-ўринга — 10 та китоб
Asaxiy интернет дўконида сотувда бўлган китоблар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.
Изоҳ (1)
G'oliblar qayerda e'lon qilindimi o'zi