Ўзбекистон элчихонаси томонидан Хитойдаги ватандошлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди, деб хабар беради “Дунё” агентлиги.
Учрашувда Хитойдаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар дуч келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мезбон мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан узвий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани таъкидланган.
Ўз навбатида, ватандошлар консалтинг хизматларини кўрсатиш ниқоби остидаги фуқароларнинг чет элга ўқишга ва ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлишга чақирилган.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари томонидан чет эллардаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ва ёрдам кўрсатиш, терроризм, диний экстремизм ғоялари таъсиридан ҳимоялаш ҳамда турли ноқонуний фаолият билан боғлиқ хавфлардан огоҳлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётгани қайд этилган.
Бундан олдин Туркия ҳудудида бўлган ўзбекистонликлар Бош консулхона томонидан огоҳликка чақирилганди. Шунингдек, Миграция агентлиги Қозоғистонга ишлаш мақсадида бораётган ўзбекистонликларни огоҳликка чақиргани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)