Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида одамларни ошхона пичоғи билан қўрқитган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ хабар берди.

Ҳодиса 18 апрель куни тахминан соат 19:40 ларда Себзор кўчасидаги автотураргоҳлардан бирида юз берган. Автотураргоҳдаги “ташвиш тугмаси” босилгани сабабли ҳодиса жойига ички ишлар органи ходимлари етиб борган.
Аниқланишича, 1958 йилда туғилган Х.С. маст ҳолатда автотураргоҳ қоровули ва бошқа фуқароларни ошхона пичоғи билан қўрқитган, жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг воқеа жойидан қочиб кўп қаватли уйлардан бирига кириб кетган. У лифтда вояга етмаган болани ургани акс этган видеолар ҳам тарқалган.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро Х.С. ушланиб, ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Х.С. томонидан пичоқ билан ҳеч кимга тан жароҳати етказилмаган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (“майда безорилик”), 194 (“ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) ва 185 прим 2 (“совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш”) моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилган. Суд томонидан ушбу шахсга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)