Тошкентда “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида инновацион ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада замонавий технологиялар, муҳандислик ишланмалари ҳамда ёш олимларнинг инновацион ғоялари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
Замонавий илм-фан ва муҳандисликнинг қовушган нуқтасида шундай янгиликлар пайдо бўлмоқдаки, улар нафақат ҳаётни енгиллаштиради, балки иқтисодий ўсишга ҳам хизмат қилади.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жойлашган ёшлар технопарки ихтирочиларида муҳим бир янгилик бор. Улар томонидан ишлаб чиқилган “Арал 18” минитрактор ва қайта тикланувчи энергияда ишловчи агроробот қишлоқ хўжалигида самарадорликни кескин оширишга хизмат қилмоқда.
18 от кучига эга гибрид трактор
Ёш муҳандислар томонидан яратилган “Арал 18” тракторининг энг муҳим жиҳатларидан бири — унинг гибрид тизимда ишлашидир. 18 от кучига эга ушбу мини трактор бензин ҳамда электр энергиясида ишлаш имкониятига эга бўлиб, бир кунда 24 соат узлуксиз фаолият юрита олади. Асосий вазифаси ер ҳайдаш бўлиб, ҳайдаш чуқурлиги 18–20 см ни ташкил этади. У иссиқхоналарда ҳам фойдаланишга мослаштирилган бўлиб, ўз оғирлигига тенг юкларни тортиб юриш каби қулайликларга эга.

Қуёш энергиясида ишловчи агроробот
Яна бир инновацион ишланма — бу қайта тикланувчи энергияда ишлайдиган мини робот. Тўлиқ қуёш панеллари орқали қувват оладиган робот эрталаб соат 8:00 дан кечки 18:00 гача ишлайди. У пахта ва маккажўхорини экиш вазифасини бажаради. Бунга қўшимча равишда, у ўзи эккан уруғ қаторларини автоматик тарзда белгилаб, бегона ўтлардан ҳам тозалайди. Бу эса деҳқонлар учун вақт ва кучни тежайди.

Мазкур инновациялар “ақлли” деҳқончилик тамойилларига мос бўлиб, келажакда фермер хўжаликларининг рақамли ва энергия тежамкор тизимларга ўтишига замин яратиши кутилмоқда.
Хитойдан 4 баробарга арзон “машина”
“Келажак Х” номли корхона раҳбари Элёрбек Суннатов ва унинг жамоаси томонидан яратилган ишланма миллий маҳсулотларимизнинг дунё бозорига чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Маълумки, бизнинг чинниларимизнинг экспорт бўлиши қийин. Чунки ундаги чизиқлар қўл меҳнати орқали қилингани учун ҳар доим ҳам бир чизиққа эга эмас. Биз яратган технология эса бир маромда хатосиз чизади. Шунингдек, 23 соат ишлаш потенциалига эга. Биз ишлаб чиқараётган ушбу технологиянинг Хитойдаги нархи 50 млн. Буюртма асосида 12–14 млн қилиб беряпмиз.
Бундай нарх тадбиркорга битта эмас, 5 та аппарат сотиб олиш имконини беради. Қолаверса, 5 та аппарат 5 та иш ўрни яратилди, дегани. Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли даражада ошади. Бундай технологиялар тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини кўпроқ ишлаб чиқариш ва юртимизнинг маҳсулот яратиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади, дейди Элёрбек Суннатов.

Кунига 10 мингдан зиёд идиш ювадиган “аппарат”
Бундан ташқари Элёрбек Суннатов томонидан тақдим этилган ишланмалар орасида идиш-товоқ ювиш учун мўлжалланган қурилмани ҳам кўрдик. Тўғри, идиш ювадиган машина янгилик эмас. Лекин бу қурилма орқали бир кунда 10 мингтадан зиёд идишларни ювиш мумкин. Жумладан одам гавжум йиғиладиган овқатланиш шохобчаларида ювуқсиз идиш-товоқлар ҳаддан зиёд кўп тўпланади. Уларни ювиш учун эса катта “армия” бириктирилиши лозим. Шундай пайтда бундай қурилмага талаб ортади.
Бундай ишланмани ясаш фикри бир воқеадан сўнг жонланган. Хабарингиз бўлса, чинни ишлаб чиқариш цехларида идишларга зар бериш учун ўчоқ (печ) ичига пишириш учун солинади. Ундан идишлар лой бўлган ҳолатда чиқарилади. Шу лойни иккита аёл ювганидан қўллари кўкариб кетганини кўргандим. Уларнинг меҳнатларини енгиллаштириш мақсадида бу қурилмани ясашга киришдим, таъкидлади Элёрбек.

Энди уруғлар 1 кунда униб чиқади
“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида 14 ёшли мактаб ўқувчисининг яратган инновацион иссиқхонаси барчани ҳайратга солди.
Ушбу ёш ихтирочи қизнинг лойиҳаси натижасида энди уруғлар бир кунда унса, ажаб эмас. Бундан ҳам таъсирли жиҳати — бу ишланмадан аллақачон икки нафар фермер амалий фойдаланиб, янгидан-янги буюртмалар кела бошлагани.

Ҳар бир қадам– энергия
Электр энергияга бўлган талаб ортиб бораётган бир даврда, уни экологик тоза усулда ишлаб чиқариш масаласи бутун дунёда долзарб муаммога айланган. Ўзбекистонлик ёш инноваторлар эса бу борада амалий ечимлар таклиф қилишмоқда. Уларнинг фикрича, ҳар бир инсон қадами энергияга айланиши мумкин!
Техника ва Миллий университети ҳамда Тошкентдаги Президент мактаби ўқувчилари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа бунга ёрқин мисол. Улар яратган махсус кафел ҳар бир юриш босимидан электр энергияси ва кислород ишлаб чиқаради. Юрак системасидан илҳомланган бу механизм 4 та клапан ҳаракати орқали сув циркуляциясини ишга тушириб, энергия ишлаб чиқади. Лойиҳа муаллифларига кўра, бу усул қуёш панелларига нисбатан анча арзон ва экологик жиҳатдан қулайдир.

Ушбу тизим кислород ва водород ажратиш имкониятига ҳам эга бўлиб, одам гавжум ҳудудларда — мактаб, университет, метро бекатлари ва савдо марказларида фойдаланишга жуда мос тушади. Яъни, инсон ҳаракати бефойда кетмайди, аксинча, энергия ва тоза ҳаво ишлаб чиқаришга хизмат қилади.
Ёшлар томонидан ишлаб чиқилган бу тизим электр муаммосига янгича ёндашув бўлиб, Ўзбекистоннинг яшил энергия йўлидаги муҳим қадами сифатида қаралмоқда.
Талаба ва ўқувчилар учун мини нашриёт
Таълим муассасаларида доимо турли ҳужжатлар чоп қилишга зарурат туғилади. Шу каби эҳтиёжни ўрганган ҳолда Нукус Технопарки вакиллари томонидан “Фреш принт” аппарати ишлаб чиқилди.
Ушбу технология кичик қурилма бўлиб, у орқали 24/7 равишда турли адабиётлар чоп этиш, нусха кўчириш ва сканерлаш имкони мавжуд.

Энг асосийси, турли дастурлар орқали тўлов қилиш имкони мавжуд. Ушбу қурилма яқин кунларда 10 та ОТМга ўрнатилади.
Экинларни таҳлил қилувчи дрон
Яна бир иқтидорли ёшлар гуруҳи ўзининг қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ноёб ишланмаси билан ажралиб турди. Улар яратган ақлли дрон — экинлар ҳолатини чуқур таҳлил қила оладиган замонавий восита сифатида катта эътиборга тушмоқда.
Дронимизни яратишдан мақсад — инсон кўзи илғай олмайдиган нуқталарни ҳам таҳлил қилиш, дейди лойиҳа муаллифларидан бири.
2022 йил 9 ой давомида ишлаб чиқилган бу қурилма камера орқали ернинг ҳар бир сантиметрини таҳлил қилади. Дрон ёрдамида ернинг унумдорлиги, шўрлиги, қандай ҳолатда эканлиги аниқланади.

Ёш ихтирочиларга кўра, инсон омили билан ер текширилганда баъзи ариқлар ёки муҳим деталлар эътибордан четда қолиши мумкин. Аммо бу дрон ҳар бир нуқтани тўлиқ сканерлаб, ўсимликларга дори керакми-йўқми, ерда қайси ҳудудда муаммо бор — барчасини аниқ кўрсатиб беради.
Бу ишланма рақамли деҳқончилик тамойилларига мос равишда ишлаб чиқилган бўлиб, келажакда қишлоқ хўжалигида самарадорликни кескин оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)