Наманган шаҳар ҳокими ҳудудларда ноқонуний ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраб, вилоят ЙҲХБ бошлиғига хат йўллади.

Унда келтирилишича, жамоатчилик, ёшлар томонидан аҳоли вакиллари билан ўтказилган учрашувлар ва муҳокама йиғилишларида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари томонидан жарималарнинг қўлланишидан норозилик кайфиятлар ортиб бориши, айниқса ижтимоий тармоқларда мамлакатда олиб борилаётган бошқарувга нисбатан салбий фикрлар билдирилишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, бино-иншоотларнинг том қисмлари, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ёритиш таянчларига белгиланган меъёрларга зид равишда ўрнатилган фоторадарлар томонидан жарималарнинг қўлланиши оқибатида Наманган шаҳрининг фуқароларига моддий ва маънавий зарар келтирмоқда.
Хатда Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманларида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид равишда ўрнатилган камераларни КААТ тизимидан ўчириш ҳамда улар томонидан қайд этилган қоидабузарликларга жарималар қўллаш ишларини тўхтатиш сўралган.
Бундан аввал ҳукумат белгиланган тезликдан юқори ҳаракатланганда қўлланиладиган чегирмани оширишга оид қонун лойиҳасини парламентга киритгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)