Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон ҳудудларининг инвестицион салоҳияти юзасидан вилоятнинг мазкур соҳага масъул раҳбарлари чиқиш қилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Тошкент шаҳар инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азизхон Шавкатовнинг маълум қилишича, пойтахтда хизмат кўрсатиш ҳамда туризм йўналишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ўтган 2023 йилда Тошкент шаҳрига 4,5 миллион сайёҳ келган. Бу рақамларлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Шу боис меҳмонхоналарга талаб ортмоқда. Шуни инобатга олиб, биринчи навбатда туристик инфратузилмани яратишимиз керак. Бу бўйича инвесторлардан таклифларни кутиб қоламиз.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманида жуда ҳам катта “Янгиҳаёт” махсус индустриал технопарк лойиҳаси устида иш бошлаб юбордик. Бу ерда биз барча саноат корхоналарини кластер йўналишида жойлаштириб, саноат гапига айлантирамиз. У ерда 100 гектар майдонда логистик марказ қуриш ҳам кўзда тутилган. Яъни бу ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўша ернинг ўзидан саралаш, тарқатиш имконини беради, — деди Азизхон Шавкатов.
Жиззах вилояти инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Иброҳимовнинг айтишича, вилоятда номадан тоғ жинсларидан қурилишда ишлатиладиган плиталар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 30 млн долларлик лойиҳани ишга туширишга барча зарур имкониятлар етарли.
Жиззах вилоятида учта йирик иқтисодий саноат зонаси мавжуд. Жумладан, “Зомин Фарм” иқтисодий саноат ҳудудида қиймати 20 млн долларлик бир марталик ишлатиладиган тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича имкониятимиз етарли, — деди Азиз Ибратимов.
Бухоро вилояти инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси шўра мудири Муҳаммаджон Райҳоновнинг таъкидлашича, вилоятда катта миқдорда норуда манбалари мавжуд ва бу қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.
Андижон вилояти вакили эса, вилоятда чиқиндини қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар зарурати борлигини таъкидлади.
Андижонда ахлатни қайта ишлаш умуман ташкил этилмаган. Бир йилда 2,7 млн тонна чиқинди йиғилади. Агар ушбу йўналишга 30 млн доллар киритилса, 3 йилда ўзини қоплаши мумкин.
Шунингдек, вилоятга бир йилда 55 тонна, яъни 155 млн долларлик шоколад харид қилинади. Мазкур соҳада ҳам лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича музокараларга тайёрмиз.
Каолин хом ашёсидан керамик идишлар ва автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича бизда катта эҳтиёж бор, — деди Андижон вилояти вакили.
Маълумот учун, сўнгги олти йил ичида Ўзбекистон қарийб 50 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Ўтган йили ЯИМ ва саноат 6 фоизга ўсди.
Изоҳ (0)