18-19 сентябрь кунлари хонанда Дилноз Ҳакимова илк яккахон концерт дастурини мухлислар эътиборига ҳавола қилади. У 6 йиллик ижоди давомидаги энг сара қўшиқлари қаторида ранг-баранг дуэтлар ҳам ваъда қилган.
— Концертда, албатта, ранг-баранглик муҳим. Янги дуэтлар бўладими, бўлса кимлар билан?
— Ўзим севган хонанда Шоҳруххон билан янги дуэтни концертда премьера қиламиз. Кўпчиликнинг кўнглидан жой олган, Конста билан биргаликда куйлаган “У ҳақида” қўшиғимизни, Миржалол Неъматов билан ҳам янги дуэт тайёрлаб қўйганмиз. Илк яккахон концертим бўлгани учун жуда ҳаяжонланяпман, яшириб нима қиламан (кулиб). Кечалари уйқу йўқ, концерт яхши ўтиши учун қаттиқ ҳаракатдамиз.
— Концертга неча ой давомида тайёргарлик кўриб келяпсиз?
— Жуда тез бўлиб кетди, бир ярим ой ичида тайёргарлик кўрилди. Тўғри, бу қисқа муддат, лекин жамоамиз аҳил, ҳамма қўлидан келган ёрдамини аямаяпти. Худога шукр, чипталар ҳам сотилган.
— Дастурда аввал рэпертуарингизда бўлмаган қайси янги мавзуларда қўшиқлар тинглашимиз мумкин?
— Концертда 24 та таронам янграйди, албатта, премьералар ҳам бўлади. Концерт қандай премьерасиз бўлиши мумкин? Янги мавзуларга келсак, кўпчилик фақат севги ҳақида бўлади, деб ўйлайди. Йўқ, жиддий мавзуларда ҳам куйлайман. Ўз фарзандини сотиб юборган ва бола асраб олган оналар нолалари акс этган “Алла” номли қўшиғим бор. Коверлар ҳам бўлади, концерт охирида рақслар билан “бомба” чиқиш тайёрлаб қўйганмиз.
— Ҳозир санъаткорлар орасида одат тусига айланяпти: кимдир мухлисларини саҳнага чиқариб, қўшиқ айттириб гитара совға қилади, бошқа биров ўзининг костюмини беради. Сизда-чи, мухлисларингиз учун шунга ўхшаш сюрпризлар ёки шоулар бўладими?
— Мен ўзим мухлислар учун совғаман, деб ўйлабман (кулиб). Чунки улар билан кўришишни анчадан бери ният қилганман, улар ҳам мен билан биргаликда қўшиқ куйлашни яхши кўради. Ростини айтсам, бундай совға тайёрлаш хаёлимга келмабди, энди ўйланиб қолдим.
Ҳамма қўшиғимни севиб ижро қиламан. Билсангиз, ўзи йилда бир қўшиқ чиқараман. “Дайди”ни чиқариб бир йил ухлайман. “Саҳарларда”ни чиқариб яна дам оламан. Орада “У ҳақида” айтиб кетаман (кулиб). Ҳар бир таронам чиқишининг ўзи осон эмас, шу сабабли ҳаммасини севиб куйлайман, менда “мажбурий” қўшиқлар йўқ.
— Туғилган кунингизда Instagram саҳифангангизга узук расмини жойладингиз. Шахсий ҳаётингизда нима янгиликлар? Халқ танийдими у инсонни?
— Яхши янгиликлар бор, у киши санъаткор эмас. Расм жойлаганимда сочи ва қоши озроқ кўриниб қолган экан, комментарияда одамлар “Мен танийман бу одамни, фалончи санъаткор бу”, “Йўқ, у эмас, роликларда чиқадиган мана бу актёр” дейишяпти. Энг қизиғи, улар айтаётган одамларни ўзим ҳам танимайман. Индамай қўяқолдим.
— Кутилмаган таклиф бўлдими бу?
— Менинг ҳаётимда жуда кўп нарса кутилган…
— Жонли ижрода концерт бериш фикри бўлмадими?
— Албатта, жонли ижрода бермоқчи эдим, насиб қилса, келгуси йиллар бераман. Энди катта қиз бўлиб қолдим, оила мавзусида ҳам мақсадлар қўйиш керак. Келин кўйлакда ҳам интервью бераман (кулиб).
Изоҳ (0)