SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдош интернет хизмати 2,5 соат давом этган узилиш сабаб бутун дунё бўйлаб ўз фойдаланувчиларига хизмат кўрсата олмади. Компания буни ички дастурий хизматдаги носозлик билан изоҳлади.

Starlink дунё бўйлаб 140 дан ортиқ мамлакатда истиқомат қилувчи 6 миллиондан зиёд фойдаланувчига хизмат кўрсатадиган интернет тармоғидир. У пайшанбадан жумага ўтар кечаси куни глобал узилишларга дуч келди. Натижада миллионлаб инсонлар тахминан икки ярим соат давомида унинг хизматларидан фойдалана олмади. Бу айниқса, Украина армияси жанговар имкониятларига салбий таъсир қилди.
Downdetector маълумотига кўра, узилиш АҚШ шарқий қирғоқларида маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида бошланган. Starlink’нинг веб сайтига носозлик юзасидан 61 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.
Starlink муҳандислик бўйича вице-президенти Майкл Николлснинг айтишича, муаммо “тармоқнинг асосий қисмини бошқарадиган ички дастурий хизматдаги носозлик” сабаб юзага келган.
“Вақтинчалик узилиш учун узр сўраймиз. Биз юқори даражада ишончли тармоқни таъминлашга қатъий бел боғлаганмиз ва бу муаммони илдизи билан бартараф этамиз”, деди у.
SpaceX асосчиси Илон Маск ҳам фойдаланивчилардан узр сўради.
“Узилиш учун узр. SpaceX муаммонинг илдизини бартараф этади ва бу қайта такрорланмаслигини таъминлайди”, деган тадбиркор.

Starlink 2020 йилдан буён Ер орбитасига 8 000 дан зиёд сунъий йўлдошни олиб чиққан. Тизимга нисбатан талаб тобора ошиб бормоқда. Тармоқ, айниқса, анъанавий интернет хизматлари етиб бориши мураккаб бўлган ҳудудларда тез оммалашяпти.
Изоҳ (0)