Ҳаёт суръатлари тобора тезлашаётган бир пайтда кўпчилик дам олишни кўнгилочар масканларда тасаввур қилади. Аммо шундай инсонлар борки, улар тинчлик, куч-қувват ва илҳомни табиат қўйнидан — тоғ этаклари, дарё тўлқинлари, сукунатдаги эшкак садоси, марафонлардаги ғалабалардан топишади. Марҳабо Бакирова ана шундай фаол шахс. У югуриш, ҳайкинг, каякинг, сапсёрфинг ва бошқа шу каби спорт турлари билан ҳаваскор тарзда шуғулланиш орқали ҳаётга бошқа нигоҳ билан қарашни ўрганган. Биз Марҳабо билан очиқ осмон остида, сув ва шамол билан уйғунликда кечган дақиқалари, бу машғулотларнинг руҳий ва жисмоний ҳаётига қандай таъсир қилгани, шахсий қарашлари ҳақида суҳбатлашдик.

“Марго” ким?
Мен Марҳабо Бакирова, яқинларим ва дўстларим Марго деб чақиришади. Буни ҳаётимнинг янги саҳифасини очишдаги ўзига хос бўғин, деб биламан. Қисқа ва осон айтиладиган тахаллусим дўстларим билан биргаликда ўйлаб топилган ва янги “мен”имни ифодалайдиган рамздир.
Ҳозирда Тошкентдаги халқаро мактабда болаларнинг мазмунли вақт ўтказишларини ташкил этиш билан шуғулланаман. Табиат қўйнига сайр, ҳайкинг, каякинг, чанғида учиш, кемпинг ва ҳоказолар шулар сирасига киради. Жараёнда болаларнинг ота-онаси билан боғланиш, керакли ҳужжатларни йиғиш, хизмат кўрсатувчилар, трансфер масалаларини ҳал этаман. Бундан ташқари, болаларга сафарга тайёргарлик жараёнини тушунтириш, йўл давомида уларни руҳий қўллаб-қувватлаб, гид вазифасини ҳам бажараман. Баъзан болажонлар чарчаб қолишади, йўлни давом эттиришни исташмайди, мотивацияси йўқолади. Шундай пайтда уларга ёрдамга келаман. Энг аввало уларнинг хавфсизлигини таъминлаш биз катталарнинг зиммамизда.

Ишимда мени руҳлантирадиган жиҳатлар жуда кўп. Масалан, янги билимлар бериш, болажонлар бирор жойга бориб келгач, янги ҳиссиётлар, таассуротлар, амалий кўникмалар билан қайтишларидан руҳланаман. Мен айнан шу касбда ўзимнинг икигайимни топдим, дея оламан. Икигаи — бу японча концепт-сия бўлиб, сўзма-сўз таржимаси “яшаш сабаби” ёки “ҳаёт мазмуни” деган маънони англатади. Бу тушунча инсонни ҳар куни уйғонишга ундайдиган ички сабаб, илҳом ва мотивацияни ифодалайди. Мен айнан ҳозирги ишимда икигаига эришдим ва бу чексиз руҳлантиради.
Баъзан ҳеч нимага улгурмайман, шошиб қоламан. Шундай лаҳзаларда одам бир оз тинчланиши, секинлашиши, ишларини муҳимлик даражасига қараб тақсимлаб чиқиб амалга ошириши керак. Ҳал қилиб бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ.
“Мен бошқалар қилган хатони такрорламасликка интилганман”
Болалигимда сокин, ақлли, аълочи, бир сўз билан айтганда “ботан” эдим. Уйга вазифани берилган вақтнинг ўзида қилиб, уйда бошқа ишларим билан шуғулланардим. Синфдошларим орасида илғорлигим билан ажралиб турардим, десам хато бўлмайди. Шунгадир, юқори синфларда ўқитувчиларимиз мени баҳо борасида ортиқча қийнашмаган.
Оилада мендан ташқари опам ва синглим ҳам бор. Улар азалдан анча жанговар феъл-атворга эга эди. Ота-онамнинг айтишларича мени тарбиялаш уларга ортиқча қийинчилик туғдирмаган. Сабаби мен бошқалар қилган хатони такрорламасликка интилганман. Масалан, опам дакки эшитсалар, уларнинг қилган хатоларидан хулоса чиқарар эдим. Якка ўзим қолишдан қўрқмас эдим, жуда мустақил бўлганман, десам адашмайман. Орзу қилишни севардим. Ҳозир ҳам орзуга ишониш ва босиқлик хислатларим сақланиб қолган.

Оиламиз оддий андижонлик оила. Андижонда туғилиб, Тошкентда вояга етганман. Ота-онам бизга биринчи галда тартибли бўлишни ўргатишган. Эсимда, болаликда уйимиз олдида бир аёл турли ширинликлар сотиб ўтирар эди. Бир куни у менга ана шу ширинликлардан улашиб, пулини кейинроқ беришим мумкинлигини айтган. Уйга хурсанд бўлиб югуриб келиб, мақтанганимда бундан жаҳли чиққан отам “ҳеч қачон бировдан қарз олма, уйга келиб, пул олиб, кейин нимадир харид қилишинг мумкин”, деб бир умрга етадиган дарс берганлар. Ҳозир мен ҳам якка-ю ягона фарзандимни тартибли бўлишга ўргатяпман.

“Спорт жисмоний ҳолатни яхшилаш билан биргаликда мисли кўринмаган бахт гормонларини ишлаб чиқарувчи восита”
2023 йилнинг ёзида спорт ҳаётимга кириб келди. Ўшанда шахсий ҳаётим, молиявий, руҳий, жисмоний ҳолатим билан бирга тўла депрессияда эдим. Шундай кунларнинг бирида ишхонамнинг спорт залига ҳамкасбим билан бирга бир ой давомида мунтазам равишда қатнашни бошладик. Ўшанда илк марта жисмоний машқлардан кейинги кўтаринки кайфиятни ҳис қилиб кўрганман. Афсуски кейин ҳамкасбимнинг иш тартиби туфайли бир ўзим қатнашга мажбур бўлганман. Аммо руҳий ҳолатимдан келиб чиққан ҳолда якка тарзда шуғулланишни истамас эдим. Шундай кунларнинг бирида танишим шанба куни эрталаб “Tashkent runners” жамоаси билан Экобоғда ташкил этиладиган югуриш мусобақасида қатнашишга таклиф этиб қолди. Бу менинг югурувчилар оламидаги энг бахтли куним, дея оламан. У муҳит, завқли суҳбатлар ва одамлар, мусобақадан кейин эсдаликка бериладиган профессионал фотосуратлар мени буткул ўзига ром этди. Мусобақадан сўнг биргаликда нонушта қилдик, мазмунли суҳбатлар қурдик. Хаёлимда фақат бир фикр: “Нега мен бундай ажойиб ҳамжамият борлигини аввалроқ билмаганман”. Қувноқ, куч-қувватга тўла ва позитив инсонлар даврасида югуриш орқали мен ўзимда сезиларли ўсиш кузатдим. Югуриш бу шундай спорт турики, унда жамоа аъзолари йиғилиб, югуриб, кейин эса яна бошқа спорт машғулотларига бир-бирини қизиқтира олади. Мен ҳам айнан улар туфайли ўзимнинг илк тоғ сафаримга чиққанман. Авваллари тоғларни фақат олисдан, далаҳовлига ёки шунчаки айлангани борганда кўрган бўлсам, эндиликда уларнинг ички оламини ҳам кузатиш имкониятига эга бўлган эдим. Табиат билан уйғунликни ҳис этдим. Шундан кейин югуриш ва тоғларга чиқиш ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди.

Спорт жисмоний ҳолатни яхшилаш билан биргаликда мисли кўринмаган бахт гормонларини ишлаб чиқарувчи воситадир. Машғулотга қандай кайфиятда келманг, ундан сиз мамнун, бахтли ва юқори кайфиятда чиқиб кетасиз. Мен айнан ана шу ҳиссиётлар учун ҳам спортдаман.
Югуриш, сапсёрфинг, қояларга чиқиш, каякинг каби спорт турларининг ҳар бири билан шуғулланиш менга ёқади. Ҳозир бир ўзим югуришим, тоғларга чиқишим мумкин. Ёлғизликдаги сукунат энди мени чўчитмайди. Ҳеч қандай мусиқа, қулоқчин ёки подкастларсиз ҳам шуғуллана оламан. Муҳим қарорлар қабул қилиш жараёним баъзан ана шундай яккама якка, ўзим билан суҳбатларимда тезлашади ҳам.

Эрталаблари ўрнимдан кўтарадиган мотивацияларим орасида энг асосийси бу жисмоний ҳолатимни йўқотиб қўймаслик мақсади. Сабаби бу ортга қадам ташлашдек гап. Жисмоний ҳолатни тиклаш жараёни эса жуда мураккаб. Қанчалик бўшашсанг, шунчалик ортга кетаверасан. Шундай дамларда мен ўзимга “Йўқ, йўқ, йўқ, ўзингни қўлга ол, ҳаракат қил”, дейман. Иккинчи мотивациям бу — ишим бевосита жисмоний ҳолатим билан боғлиқлиги. Агар жисмоний машқлар қилмасам, маълум бир юкламалар олмасам, бу ҳолатимга таъсир кўрсатиши кетидан ишимнинг ортга кетишини таъминлайди. Мен эса бунга йўл қўймайман.

“Баъзи кунлари спортга алоҳида вақт ажрата олмасам, албатта кўпроқ қадам босиб юриб келаман”
Оила, иш ва спортга бирдек вақт ажратиш учун менга ёрдам берадиган шахсий қоидаларим бор. Бу биринчи галда бўш вақтим бўлиши биланоқ фарзандим билан мазмунли дам олишни ташкил этишни ўз ичига олади: у билан суҳбатлашиш, тинглаш, бирор янги кўникмага эга бўлишига ёрдамлашиш. Кейинги ўринда ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтаб қолмаслик. Баъзи кунлари спортга алоҳида вақт ажрата олмасам, албатта кўпроқ қадам босиб юриб келаман. Ва охиргиси фарзандим билан тонгдаги ритуалларимиз. Биргаликда нонушта тайёрлаймиз, суҳбатлашамиз, юқори кайфиятда, кўнглимизни тўқ қилиб у ўқишга, мен эса ишга йўл оламиз. Бу кун давомида яхши кайфиятда юришимга ёрдам беради. Менинг идеал куним шундай бошланади. Кейин ишга бориб белгиланган вазифаларимни қиламан, ишдан кейин метрогача пиёда юриб бориб, спорт машғулотимга йўл оламан. Ота-онам бу жараёнда менга яқиндан кўмаклашишади. Кечга томон уйга қайтгач, яна ўғлим билан мазмунли вақт ўтказамиз.

“Ҳаётда эришган энг катта ютуқларимдан бири — яшашни ҳис этиш, ҳаёт гўзалликларини кўра билиш”
Ҳаётда эришган энг катта ютуқларимдан бири — яшашни ҳис этиш, ҳаёт гўзалликларини кўра билиш. Аслида бу хислат болаликда ҳар биримизда бўлади. Аммо кейинроқ ҳаёт ташвишлари давомида иккинчи даражага сурилиб қолади. Энг майда нарсалардан ҳам бахт излаш, гўзалликларни илғай билиш — бу мен эришган энг катта муваффақият, деб биламан. Ҳозир тоғга чиққанда ҳашаротларнинг рангини кузатиш, уларнинг ранги турли ўсимликларга беркиниш имконини беришини англашдан ҳайратланаман.

“Энг катта орзум — ўғлим билан биргаликда бутун дунёни кезиб чиқиш”
Ҳаётдаги асосий принципларим бу ҳақиқатпарварлик, тартиблилик, самимийлик, эмпатия, ўзим ва бошқаларга ҳурмат, сабр-қанотли бўлиш.
Энг катта орзум — ўғлим билан биргаликда бутун дунёни кезиб чиқиш, унинг мўжиза ва гўзалликларини ўз кўзларим билан кўриш.
Яқин орадаги режаларимдан бири — сузишни яхшилаб ўрганиш. Сабаби 30 ёшгача ҳам сувдан қўрқар эдим. Кейинги режам ўғлим билан бирор саёҳатга бориб келиш. Яқин орадаги энг катта икки режам шулар.

Руҳлантириш манбалари
Мени руҳлантирадиган китоб Рей Далио — “Принциплар” китоби.
Руҳлантирадиган фильм — “Шифохона” сериали.
Ота-онам, уларнинг қийинчиликлардан сабот билан ўтиб келишгани ва ҳаёт йўллари руҳлантиради. Устозларим ҳам ўзларининг фаолияти билан менга дадил руҳ бағишлашган.

Куч-қувватимнинг энг асосий сири — позитивлик, табассум, миннатдорлик ҳисси. Миннатдорлик ҳисси бўлса, барча оддий нарсалардан нур илғайсан, ҳаётни борича севасан, бу севги эса уни тўла яшаб ўтишга чорлайди.
Изоҳ (0)