Россия 2024 йил февралида Авдеевкани босиб олди. Шундан буён руслар учун айрим ютуқлар қўлга киритилган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири ҳозир жабҳанинг энг қайноқ участкасига айланган Покровскчалик аҳамиятга эга эмас. У мамлакат марказини Донбассга боғловчи М30 автомагистралида жойлашган бўлиб, Украина армиясининг Донецк вилоятидаги муҳим логистика маркази ҳисобланади. Боиси Покровскда уруш артерияси вазифасини ўтайдиган темирйўллар туташган.
Қолаверса, Покровск Украина назоратида қолаётган Донбассдаги энг сўнгги кўмир конларига эга. Шаҳарда йирик саноат корхоналари мавжуд. Унинг қўлдан кетиши Донбассда жанг қилаётган бўлинмалар учун таъминот занжирини қайта кўриб чиқишни, логистика хабини Константиновка, Краматорск йўналишларига кўчиришни тақозо қилади.
Россия армиясининг Покровск йўналишидаги ҳужумлари ёз ойларида авж олди. Бироқ Украина томони шаҳарга резервларни олиб келиш ва Курск вилоятида амалиёт бошлаш орқали босимни қисман камайтирди. Бироқ 30 октябрга келиб қўшни Селидово шаҳрининг Россия назоратига ўтгани расман тасдиқлангач, украиналиклар учун вазият янада ёмонлашди.
Шундан сўнг Россия қуролли кучлари Новоселивка, Пустинка ва Желтое аҳоли масканларини эгаллаб, Покровскни жанубдан айланиб ўтишга ҳаракат бошлади. “Қуршовга тушиб қолмаслик” важи билан Селидовони ташлаб чиққан Украина бўлинмалари шаҳар атрофида мудофаа деворини ташкил эта олмади. Мазкур омил рус армияси учун бир ярим ой ичида 11 км илгарилаб кириш имконини берди. Бу позицион уруш шароитида жуда йирик муваффақият ҳисобланади.
Украиналик ҳарбий шарҳловчи, “Тцензор.нет” нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов Россия армиясининг ғарбий йўналиш бўйлаб илгарилашини тўхтатиш учун Новотроицкое ва Шевченко қишлоқлари орасида мудофаа истеҳкоми қурилгани, бироқ жанговар самарадорлик билан боғлиқ омиллар сабаб Украина қўшинлари уларни кучли қаршиликсиз ташлаб чиққани ҳақида маълум қилган. Унинг фикрича, вазият “ўта оғир ва текширув ўтказишни талаб қилади”.
Рус армияси тез ўрганяпти.
Россия армияси урушнинг дастлабки йилларида бўлганидек тўғридан-тўғри ҳужумлар амалиётидан кам фойдаланмоқда. Бунинг ўрнига йирик аҳоли масканларини айланиб ўтиб, таъминот йўлларини кесиб қўйиш, шу орқали Украина гарнизонини чекинишга мажбурлаш усули кенг қўлланиляпти. Ушбу тактика аввалига Угледар, сўнг Селидовонинг қўлдан кетишига сабаб бўлди. Россияликлар мазкур сценарийни Покровск билан ҳам такрорламоқчи. Худди шу мақсадда Шевченко ҳамда Новотроицке йўналишлари бўйлаб ҳужумлар бошланган. Ўз навбатида, Украина қўмондонлиги мазкур аҳоли пунктларига қўшимча кучлар ташлади.
Шу билан бир вақтда, Россия армияси қанотлар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам жанглар олиб бормоқда. Пушкино, Заря ҳамда Сонцовка аҳоли масканларининг муайян қисми Украина назоратидан чиққан ёки улар учун кураш давом этяпти.
Покровск қўлдан кетадими?
Украина армияси йўқотилган позицияларни қайтариб олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар бор. “Хортица” оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи вакили Назар Волошиннинг айтишича, Украина қуролли кучлари Шевченко йўналишидаги Новий Труд аҳоли масканини озод қилиш учун жанглар бошлаган. Бироқ ресурслар, энг аввало шахсий таркиб тақчиллиги боис ҳужум амалиётлари суръати ва қанча давом этиши номаълум.
Россия қуролли кучларининг Покровк жанубидаги Шевченко аҳоли масканига етиб келиши Украина армияси учун таъминотни мураккаблаштирди. Бу россияликларга М30 автомагистрали бўйлаб ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳамда темир йўл инфратузилмасини нишонга олиш имконини берди. Боиси икки ўртадаги масофа артиллерия, ҳатто ФПВ-дронлар бемалол етиб бора оладиган даражада қисқарди.
Украиналик ҳарбий таҳлилчи Михаил Жироховнинг ўз манбаларига таяниб чиқарган хулосаси мазкур қарашни тасдиқлайди. У эндиликда Покровск-Павлоград-Днепр йўналишидан таъминот мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслигини айтиб, ҳарбийларга бошқа йўналиш излашни тавсия қилган.
Агар логистика билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашса, Украина қуролли кучлари шаҳарни бутунлай тарк этишга мажбур бўлиши мумкин. Таҳлилчилар фикрича, ҳар бир кўча, ҳар бир бино учун жанглар бўлиши, бошқача айтганда, “Бахмут гўшт майдалагичи” такрорланиши эҳтимоли кам.
Бу Украина учун қандай оқибатларга олиб келади?
Покровск Украина армиясининг Донецк вилоятидаги энг сўнгги йирик саноат маркази ҳисобланади. Унинг қўлдан кетиши Украина қуролли кучларининг логистика занжирига зарба бериш билан бир қаторда, саноат корхоналарини кўмир конларидан ҳам маҳрум қилади.
Бундан ташқари, Покровскнинг сиёсий аҳамияти ҳам бор. У Россия армияси учун Донецк вилоятининг чегаларига чиқиш имконини беради. Бу рус расмийлари томонидан бир-неча бор эълон қилинган уруш мақсадлари – вилоятнинг маъмурий чегараларини тўла эгаллаш билан мос келади.
Ҳумоюн Тожиддинов тайёрлади
Изоҳ (0)