2024 йил май ойида Олександр Усик сўнгги 25 йил ичида оғир вазн тоифасида биринчи мутлақ жаҳон чемпионига айланди. Украиналик боксчи чемпионлик жангида Тайсон Фьюридан устун келганди.
21 декабрь куни у Тайсон билан реванш жанг ўтказади. Олександр ҳануз мағлубиятга учрамади (22-0) ва иккинчи дивизионни ҳам забт этди.
Усик спортчи ва чемпион сифатида қандай одам? Унинг ўзига хос жиҳатлари ва кучи нимада?
“Мен у билан 4 раунд жанг қилдим ва ҳолдан тойган эдим. Аммо у буни 15 раунд давомида уддалай олади”
Олександр Усик 10 километр сузиш ва тўп билан жонглёрлик қилиш орқали ўз жисмоний ҳолатини оширади. Унинг менежери Egis Климаснинг айтишича, Энтони Жошуа билан реванш жанги олдидан Усик ҳар куни 10 километр сузиб, 100 километр велосипедда юриб, тайёргарлик кўрган. У югуришни унчалик ёқтирмайди, аммо Анатолий Ломаченконинг тавсиясига кўра, кўп вақтини бассейнда ўтказади ва бир неча дақиқа давомида сув остида нафасини ушлаб туради.
Буни Усик билан бирга шуғулланган боксчи Дерек Чисора тасдиқлайди:
“Машғулотлардан чарчаб, бир оз дам олмоқчи бўлганимда, Усикни кўриб қолдим, у чарчагандек туюлди. У менга 5 соат давомида сузганини айтди. Мен бунга ишонмадим, аммо унинг мураббийи ёлғон гапирмаётганини айтди ва видео кўрсатди — Усик катта олимпия бассейнида сузиб юрарди”.
Усик машғулотлар лагерида 3,5 дақиқалик 15 раундни 20 сониялик танаффуслар билан бажарарди. Йиғин давомида у жами 250 раундгача машғулот ўтказади. Тайсон Фьюри билан биринчи жанг олдидан Усик ўзининг Ready to Fight иловаси орқали 40 спарринг шеригини алмаштирган.
Майрис Бриэдисга қарши жанг олдидан Усикнинг спарринг шериги бўлган Алексей Папин шундай дейди: “Мен у билан 4 раунд жанг қилдим ва чарчаб қолдим. У эса 15 раунд давомида шу темпда ишлай оларди. 4-раундгача менга қийинчилик туғдирмади, агар 8-10 раунд давом этганда, мен учун вазият бутунлай бошқача бўларди. Мен ўшанда 4 раундга, максимум 5 раундгача чидардим”.
2015 йилда Усик билан спарринг ва жанг ўтказган боксчи Андрей Князев ҳам бу ҳақида айтиб ўтади:
“Усикда юқори даражали меҳнатсеварлик борлигини биламан. Яхши нафас олади ва ўзини йўқотиб қўймайди. Албатта, чарчайди, чунки 3-4 нафар янги спарринг шерик алмаштиради, сен учун бу биринчи раунд бўлиши мумкин, аммо у 10-11-раундида иштирок этаётган бўлади. Вазифа эса — унга доимий зарба бериб туриш. Сен доимо у томонга отилиб турасан. Ҳали чарчамагансан. Унга эса оғир, бироқ буни сездирмайди, ўзини усталик билан назорат қилади”.
Усик пляжда машқ қилади, у ерда спринтлар бажаради; ёга тўпида жонглёрлик қилади; муздек сувда тикланади; координация ва реакцияни яхшилаш учун танга отиб ушлайди; психикага оид машқлар бажаради ва Шулте жадвали (тасодифий жойлашган объектларни маълум тартибда топишни талаб қилувчи жадвал, эътибор ва периферик кўриш қобилиятини ривожлантиради) билан ишлайди.
“Усикни машғулотларда берадиган ҳажмида енгиб бўлмайди, — деган эди 2018 йилда Усикдан мағлубиятни қабул қилиб олган Майрис Бриэдис. — Дунёда кўплаб иқтидорли боксчилар бор, лекин оғир дамларда ўша бир қадамни ташлай оладиган одамлар жуда кам — ҳаммаси ҳам охиригача етиб бора олмайди ва қўлқопларини ташлайди”.
Машғулотлар давомида у нафасни ушлаб туриш усулидан фойдаланади, бу руҳий кучни ошириш ва жисмоний имкониятларни синашнинг бир усули. Оғир лаҳзаларда, нафас олмасанг ўлиб қолиш мумкин бўлган паллада, ички ресурсларни топади — бу вақтда мияда кўплаб жараёнлар содир бўлади. Сўнгги, абадий туюлган 10 сонияда у ўзини ишонтиради ва давом этади.
Усикнинг кучи ва таянчи — эътиқоди. Оғир дамларда, имконсиз туюлганда, у Худони эслайди.
Тайёргарлик пайтида Усик кўп рақс тушади ва оғир дамларда — ибодат қилади.
Усик болалигида халқ рақсларига қатнашган, ҳозирда уларни бокс машғулотларининг бир қисмига айлантирган. У координацион зинапояда машқлар бажараётганда ҳам рақс тушади, бу эса жамоасининг кулгусига сабаб бўлади. 2013 йилда Бутунжаҳон бокс сериясида Олександр билан танишган ва унинг жамоаси билан ишлаган Дмитрий Лучников шундай дейди:
“Бир марта крузервейтда Усикнинг оёқлари ёш Муҳаммад Алининг оёқларидек эканлигини айтгандим. У ўшанда енгилроқ, тезкорроқ ва ҳаракатчан эди. Энди эса у бошқача. Усик — бу координация, жисмоний тайёргарлик, юқори даражадаги бокс мактаби. Майк Тайсон айтганидек, ҳар қандай боксчида биринчи ўтказиб юбориладиган зарбагача ишлайдиган режалар мавжуд. Шундан сўнг боксчи бокс ДНК сига қайтади. Мана шунинг ўзи даражани кўрсатади. Сашада эса бу нарса жуда юқори даражада”.
Усик рақслар ёрдамида машғулотларда ижобий муҳитни яратади — ўзи ҳам рақсга тушади, жамоани ҳам рақсга чорлайди. Боксчи Андрей Князев шундай эслайди: “Мен кўп марта машғулотларга борганимда, у аввал рақсга тушар, кейин қўшиқ айтар, сўнг яна нималарнидир куйлаб, рақсга тушарди. У ўзини экранда қандай туца, ҳаётда ҳам худди шундай. Мен уни машғулотлар лагерида айнан шундай кўрганман. У қовоғини солиб келганини ҳеч кўрмаганман. Доим ҳазил-мутойиба, суҳбатлар бўларди”.
Лучников ҳам украиналик боксчининг хатти-ҳаракатидан ҳайратга тушган эди: “Ўшанда (2018 йилда) у менга қувноқ, хушмуомала, етарлича самимий, лекин ўз қадр-қимматини биладиган одам бўлиб кўринган эди. Менимча, Усикдан руҳий кучни ўрганиш керак. Жамоа жиддий кайфиятда бўлиб, ҳаяжонланаётган қийин пайтларда у мусиқа қўйиб, барчани руҳлантирган ҳолда рақсга тушиши ёки ҳазиллашиши мумкин эди”.
Усик ҳар доим бу лаҳзаларни сезарди ва уларни ғайрат билан тўлдирарди. Худди атом станциясидек эди у. Ундан максимум ўйчанликни кўриш мумкин. Мен ҳеч қачон оғир жанглардан сўнг унда тушкунликни кўрмаганман. Эсимда, Майрис Бриэдис билан бўлган жангдан кейин Рига аэропортида учрашганимизда, Усик бу ўша пайтгача карьерасидаги энг оғир жанг бўлганини тан олган, аммо у тушкун кўринмасди.
Олександр фаолияти бошида уни “ўтин” деб аташарди. Кличко эса унинг боши оғир вазн учун кичиклигини айтганди
“Дастлабки машғулотларда мен (Усикнинг Олимпиада чемпиони ва жаҳон чемпиони бўлишига) ишонмагандим”, — деди Усикнинг биринчи мураббийи Сергей Лапин. — “Аммо етти ойдан кейин у келажакда жаҳон чемпиони бўлишини ўзим айтдим. Қримдаги ҳамма бу гапимга гувоҳ. Гарчи менга: “Ким, у? Ахир у ўтин-ку”, дейишган бўлса ҳам. Ҳозир бу одамлар бошқача гапиришяпти. Саша 2001 йил сентябрда келган, март ойида эса биз Қрим чемпионатига бордик. У ерда у ғалати сакраш амалга оширди, белдан пастроққа зарба ўтказиб юборди — менга яна: “Кўрдингизми, у ўтин”, дейишди”.
У боксдаги илк машғулотига 14 ёшида келган — унгача футбол билан шуғулланган эди. Лапин уни кейинчалик Украина чемпиони бўлган ўз ўғлига қарши қўйди. Усик заиф кўринар, лекин характер кўрсатган — бу мураббийни дарҳол ҳайратга солган:
“Бокс учун у аллақачон “қария” эди. Алоҳида жисмоний қобилиятларни сезмадим. Камига унда касалликлар ҳам бор эди: астма, кўкрак қафаси яхши ривожланмаган. Лекин уни катта ўғлим Серёжа олиб келди. Шунинг учун ҳам рад этмадим. Мана, дедим, бор, у билан бирга машқ қил. Сергей уни урарди, урарди, урарди... Бунча зарбалардан кейин у қайтиб келмаса керак деб ўйлагандим. Саша эса келди. Яна ҳам дадил ҳолатда!”.
Журналист Александр Беленкий Усик билан 2012 йилги Олимпиададан кейин, у ҳали биринчи оғир вазнда ҳам, оғир вазнда ҳам чемпион бўлмаганида танишган. “Sports” нашрига берган интервьюсида Беленкий Усикда ўта хотиржамлик ва жаҳон чемпиони бўлишига бўлган ишончни таъкидлади — бу профессионал фаолиятини бошлаганидан тўрт йил ўтиб содир бўлди:
“Биз Кличко жангини муҳокама қилган телекўрсатувлардан бирида учрашдик. Ўшанда Усик карьерасини бошлаган ва умуман, ёш йигитга ўхшаб кўринарди. Эсимда, Виталий Кличко келди — Усик унинг ёнида худди болага ўхшарди. Виталий шу қадар йирик ва бақувват эдики, гўё “улар қандай қилиб бир вазнда ҳаракат қилишлари мумкин?”, деб ўйлардим. Ўша пайтлардаёқ Усик жаҳон чемпиони бўлишни, шу билан бирга, ўша вақтда юқорида турган ака-ука Кличколар олдида у ўзини кичик эмаслигини исботлашни истарди.
Бир куни биз Артур Бетербиев ҳақида гаплашдик (Усик у билан ҳаваскорлар боксда бир неча бор тўқнаш келганди). Мен Бетербиевни танийман, ундан интервью олганман. Havasкор Бетербиевни енгиш ҳақида ҳеч ким гапирмасди ҳам. Бу жуда катта иш эди. Усик эса бу ҳақида жуда хотиржам гапирарди. Тушуняпсизми, бу ўзини кўз-кўз қилиш ёки мақтанчоқлик эмас, балки ички хотиржамлик эди.
Гарчи бир сафар телекўрсатувда қизғин тортишиб қолган бўлсак-да, лекин бу дўстона руҳда эди. Мен унга Кшиштоф Гловацкий билан жанг қилишга ҳали эрта, дедим. У эса: “Тайёр эмаслигимни қаердан биласиз? Тайёрман”, деб жавоб берган. Ва у буни қандай амалга оширишини тушунтириб берган. Кейинчалик (2016 йилдаги ғалабадан сўнг) Усик: “Ютқазмаслигимни билардим”, — деди.
Менга у бир оз ўзига ортиқча ишонгандек туюлди. Усик чемпион бўлиши мумкинлигини тушунардим, лекин титул учун курашишдан олдин яна бир неча жанг ўтказиши керак, деб ўйлардим. “Нега ҳаммангиз шундай фикрдасиз? Нега бунча ишончингиз комил? Эрта эмас — менинг вақтим келди”, — деди Олександр. Бу биз тортишган ягона ҳолат эди.
Кунлардан бир куни Виталий Кличко билан Усик ҳали биринчи оғир вазн тоифасида чампион бўлмаган пайтда унинг истиқболи ҳақида суҳбатлашгандик. Виталий: “Биласанми, ҳаммаси жойида, лекин унинг боши кичкина. Турли оғир вазнли бокчиларни кўрганман, аммо Усикдек тана тузилишига эга одамларнинг зарбани яхши қабул қилганини кўрмаганман”, — деганди. Кличко ҳам унда имкониятни кўра олмаган бир пайтда, мен Усикнинг салоҳиятига шубҳа қилганимдан уялмай қўйдим”.
Майрис Бриэдис эса Беленкийнинг фикрига қўшилмади: “Усик оғир вазнга ўтаётганини эълон қилганида, мен у ерда унинг учун ҳеч қандай янгилик бўлмаслигини билардим. Чунки у WSB ярим профессионал лигасида оғир вазнли боксчиларни енгган ва улар билан қандай жанг қилишни биларди. Сўнгги учта жанг унинг тайёргарлигини тасдиқларди, гарчи унинг Жошуа ва Фьюри устидан эришган ғалабалари мени ҳайратда қолдирган бўлса-да”.
Усик — интизом қироли. Ҳаттоки, пойабзаллар қатор турмаганда ҳам ғазабланади
“Усикни Тайсон Фьюридан ажратиб турадиган асосий нарса — интизом. Бу уни буюк қилади, бу унинг энг кучли қуроли”, — дейди промоутер Александр Красюк. Интизом фақат рингга тааллуқли эмас. Усик Фьюрига қарши биринчи жангга тайёргарлик кўраётганда, у жамоаси билан бир уйда (тахминан 20 киши) яшаган ва у ерда қатъий қоидалар ўрнатган:
“Бу ерда тартибни ўрнатаман. Биз доим тозалаб турамиз, чунки мен тартибни яхши кўраман. Агар хонангда тартибсизлик бўлса, у миянгда ҳам бўлади. Агар кўп пойабзал кўрсам, уларнинг ҳаммаси бир қаторга тизилган бўлиши керак. Агар битта туфли озгина қийшайиб турса, “ким буни қилди экан?” дея ўйланиб юраман.
Ҳамма нарса мукаммал бўлиши керак. Бу отамнинг таъсири. У менга доим, агар қизларни ўзимга жалб қилмоқчи бўлсам, тоза оёқ кийим, яхши камар ва тоза тирноқларим бўлиши кераклигини айтарди. Менда ҳаммаси жойида — оёқ кийимларим тоза, тўртта камарим ва тоза тирноқларим бор”.
Усик ёшлигида бошқалардан кўпроқ ишларди — масалан, тўққиз соат машқ қилар, кейин ярим тунда уйи атрофида 15 км йўл босарди. Бу ҳақда биринчи мураббийи Сергей Лапин шундай ҳикоя қилади: “Бир куни жуда оғир машқларни бажардик. Кечқурун соат тўққизда барча спарринг-шериклар чиқиб кетиб, ўғлим ҳам “сиз мени ҳолдан тойдирдингиз”, деб қочиб кетганида, Саша ярим кечгача машқ қилганди”.
“Усик ҳар қандай мураббийнинг орзуси эди: ҳар куни тайёргарлик кўрган, ишга содиқ, йил давомида формада бўлган ва психологик жиҳатдан жуда чидамли эди, — дейди 2013—2017 йилларда Усик билан бирга ишлаган мураббий Али Башир. — Олти-етти йил олдин уни шуғуллантирганимда барчага оғир вазнда жаҳон чемпиони бўлишини айтган эдим. Лекин ҳеч ким ишонмаганди. Усик Жошуа устидан ғалаба қозонишини билардим”.
Интизом Усикнинг бокс фалсафасидаги муҳим қисмга айланди:
“Мени ҳеч нарса рағбатлантирмайди. Қулоқ солинг, мен сизга айтсам, менда мотивация йўқ. Менда интизом бор, вассалом. Ҳеч бирингизда мотивация йўқ. У сизда фақат шартли дўстингиз билан бирор нарса қилишга келишиб олганингизда пайдо бўлади. Сиз биринчи қадамни қўйдингиз — бу энг қийини, сиз буни қила бошладингиз. Ривожланиш учун биргаликда нимадир қилаётганингиз сизни рағбатлантиради. Мотивация шундан иборат, чунки сиз нима қилмоқчи эканлигингизни биласиз. Бу шунчаки сизнинг иш тартибингиз”.
***
Олександр Усик ва Тайсон Фьюри ўртасидаги реванш жанги 21 декабрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)