Ўзбекистон Суперлигаси 15-тури доирасида навбатдаги икки баҳс бўлиб ўтди. Тошкентдаги “Жар” стадионида “Пахтакор” “Навбаҳор”ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Самарқандда эса “Динамо” ва “Насаф” ўзаро баҳсда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Тошкентдаги ўйинда ҳисоб 22-дақиқада очилди. “Шерлар”нинг бразилиялик легионери Фламарион рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилди. Иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида Игор Сергеев “Пахтакор”нинг иккинчи голини урди.
Мазкур натижа ўйин якунигача ўзгармади ва “Пахтакор” ўз ҳисобига навбатдаги 3 очкони ёздириб қўйди. Ушбу ғалаба эвазига “шерлар” очколарини 26 тага етказиб, турнир жадвалида 6-поғонага кўтарилди. Худди шунча очкога эга “Навбаҳор” эса 7-ўринни эгаллаб турибди.
Самарқандда кечган “Динамо” — “Насаф” учрашуви муросасиз курашларга бой кечди. Қарши клуби 16-дақиқада Алибек Давроновнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Анваржон Ҳожимризаев “Динамо”нинг ҳисобни тенглаштирувчи голига муаллифлик қилди.
Биринчи бўлим сўнгида самарқандликлар Марко Станоевичнинг пенальтидан киритилган голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. 85-дақиқада Акмал Мозговой “Насаф”нинг иккинчи голини уриб, натижани 2:2 кўринишига келтирди.
Учрашув охиригача натижа ўзгармади ва жамоалар 1 тадан очкони бўлишиб олишди. Айни пайтда “Насаф” 33 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган бўлса, 29 очкога эга “Динамо” иккинчи ўринни банд этган.
Ўзбекистон Суперлигаси
15-тур
6 июль, якшанба
“Пахтакор” — “Навбаҳор” 2:0
Голлар: 1:0 — Фламарион (22), 2:0 — Сергеев (65)
“Динамо” — “Насаф” 2:2
Голлар: 0:1 — Давронов (16), 1:1 — Ҳозимирзаев (26), 2:1 — Станоевич (45+4, пенальти), Мозговой (85)
Изоҳ (0)