Севинч Мўминова 30 июнь куни 43 ёшни қаршилади. Нафақат хонандаликда ҳам, актрисаликда ҳам омади кулган ижодкорнинг мухлислари нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда бор, десак хато бўлмайди. Шу муносабат билан унинг болалиги, ҳаёти ва ижодий фаолиятига назар соламиз.
“Ёввойи қиз бўлганман”
Хонанданинг отаси Толиб Мўминов ҳарбий хизматни Озарбайжонда ўтаган. У Озарбайжонга борганда Маҳбура исмли қиз билан танишиб қолиб, у билан оила қурган. Уларнинг муҳаббати сабаб Шаҳло, Севинч ва Камрон исмли фарзандлар дунёга келган.

— Болалигим жуда гўзал ўтган. Табиатан ёввойи қиз бўлганман. Одамлар билан тез тил топишиб кетолмасдим. Дадамнинг қўлларини ушлаб, ортига яшириниб турардим. Ҳозир ҳам шу одатларим сақланиб қолган. Санъаткор бўлишимни мендан ҳам кўпроқ дадам истаган, дейди хонанда Севинч Мўминова.
“15 ёшимда клипда суратга тушганман”
Хонанданинг санъатга кириб келиши жуда қизиқ кечган. Аслида, унинг бу соҳани танлашига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Боиси отаси санъаткор бўлган ва у Охунжон Мадалиевнинг устози ҳисобланади.

— Санъаткор бўлишимда дадамнинг ҳиссаси жуда катта. Чунки у инсон сабаб болаликдан санъатга меҳр қўйганман. Устозим, маслаҳатчим, ҳатто тарғиботчим ҳам дадам бўлади. Раҳматли Охунжон Мадалиев дадамни жуда ҳурмат қиларди. “Сени бугун кўрмасам бўлмас” клипи суратга олинганидан кейин дадам оператордан “Менинг қизимга ҳам клип олиб беринг”, деб илтимос қилган. Илгари клиплар табиат қўйнида, оддий суратга олинарди. Бир нечта кадрларни олишганидан кейин биринчи клипим олинди, деб роса хурсанд бўлганман. Бир ойдан кейин ўзимни Охунжон Мадалиевнинг “Сени бугун кўрмасам бўлмас” клипида кўриб, роса хурсанд бўлганман. Ўшанда бор-йўғи 15 ёшда эдим, дейди хонанда.
“Саҳнада тинч туролмасдим”
Илк сўзи билан боғлиқ хотиралар ҳеч қачон унутилмайди. Севинч Мўминова ҳам илк бор катта саҳнага чиққан кунини яхши эслайди.

— 16 ёшимда Охунжон Мадалиевнинг яккахон концерт дастурида иштирок этганман. Жуда ҳаяжонли бўлган. Рақс тушишни яхши кўрганим учун саҳнада тинч туролмасдим. Бу ҳаракатларим кўплаб танқидларга учраган бўлса-да, одамлар шу жиҳатим билан мени яхши кўришади, деб ўйлайман. Аммо ҳозир аввалгидек рақсга тушолмайман. Илгари саҳна четида туриб бўлса-да, рақсга тушаверардим. Ҳозир қизим учун ўзимни асрашим керак, дейман. Балки, бу ёшимнинг улғайгани билан ҳам боғлиқдир, дейди хонанда.
Жамила Ғофурова Севинчнинг ўрнида бўлишни истаган
Хонанда Севинч Мўминова хонандалик фаолиятини бошламасидан олдин 2002 йилда кинорежиссёр Қамара Камолованинг “Дилҳирож” фильмида суратга тушган. Актриса Жамила Ғофурова Севинчга рақобатчи бўлгани ва бу ролни ижро этишгани ҳақида сўзлаб берган.

— 16 ёшимда “Дилҳирож” деб номланган фильмда Алишер Ҳамроев, Севинч Мўминовалар билан бирга суратга тушганман. Ўшанда тўлачалигим учун бош ролга олишмаган. “Дилҳирож” фильмида кастинг ҳам бўлмаган, “Сиз қайси ролга келдингиз”, дейишганида “мен бош ролга келдим, бош ролни ўйнайман”, деганман. Ўшанда режиссёр “Жамила, агар бош ролни ўйнамоқчи бўлсангиз, озишингизга тўғри келади, сиз озгина тўлачасиз”, деган эди. Ҳақиқатдан ҳам тўлача қиз эдим, бош ролга ҳам тўғри келмас эдим, бироқ ким ўзини “Мен тўламан, бош ролга ҳам тўғри келмайман”, деб айтади, дейди актриса Жамила Ғофурова.
Фильмни суратга олиш жараёнлари нақд қирқ кун Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган. Ота-онасидан ҳеч қачон айро яшамаган Севинч суратга олиш майдончасида ҳам улар бўлишини истаган.
Севинч Мўминованинг қиёфадоши
Хонанда Севинч Мўминованинг ўзига ўхшаш Шаҳло исмли опаси бор. Опа-сингилларнинг орасида бир ёш фарқ бор. Instagram кузатувчилари хонанданинг қизи Лейлани Шаҳло холасига ўхшатишади.

— Шаҳло опам билан деярли тенгдошдек улғайганмиз. Ташқи кўринишимиз ўхшаш бўлгани учун илгари бизни эгизак деб ўйлашарди. Шаҳло Англияда таҳсил олган, таржимон ва иқтисодчилик мутахассисликларини эгаллаган. Ҳозирда фарзандлари тарбияси билан банд, дейди хонанда Севинч Мўминова.
Севинч YouTubeʼдан қанча даромад олади?
Хонанда “Интернет қироличаси” дея таърифланиши бежиз эмас. Чунки у қидирувлар тизимида энг кўп изланадиган ўзбек хонандаларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, “Не бўлди?” қўшиғи ҳам 83 миллион марта томоша қилинган.

Мазкур қўшиқ “Бахт учун миллион” фильмига соундтрек сифатида ижро этилган. Аслида, у плагиат қўшиқ бўлиб, Севинчдан аввал уни ҳинд, турк ва грек хонандалари ҳам ижро этишган. Қўшиқ матни эса шоира Гулбаҳор Мўминова қаламига мансуб.
— YouTubeʼдан топадиган даромадимиз у қадар юқори эмас. Ойига 1 000 доллардан пул келади, дейди хонанданинг отаси Толиб Мўминов.
Дарз кетган муносабатлар — Шароф Муқимов билан Севинчнинг турмуши
2010 йилдаги юлдузлар жуфтлигининг тўйи катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Ҳатто Шароф Муқимов ва Севинч Мўминованинг никоҳ оқшомининг видеодисклари сотувга ҳам чиқарилганди.

— Шароф аввалги интервьюларида “Бўлаверади, деб уйланмаслик керак экан” дебди. У эмас, аслида мен “Майли, бўлаверади”, деб турмушга чиққандим-ку. Тўйни тўхтатмоқчи бўлганим эсидан чиқиб қолибдими? Унаштирилгандик, тўйимиз аниқ эди, лекин бир кунда бир марта хабар олиб қўнғироқ қилмасди, мен билан қизиқмасди. Севмаслигини, меҳри йўқлигини ўша вақтдан сезардим. Чақириб, тўйни тўхтатмоқчилигимни айтганимда ҳам менга эмас, сенга ҳар хил гаплар келади, деганди. Фарқи йўқ, дедим. “Энди бахтимни топганимда мени ташлаб кетма”, деб йиғлади, содда бўлиб ўша кўз ёшларига ишонибман. Лекин бари сохта экан, дейди хонанда.
“Бир ойлик келинчаклигимда қаттиқ дўппослаган”
Севинч янги келинлик пайтида Шароф уни қаттиқ калтаклагани ҳақида ҳам гапирди.

— Қайнонам бошида мени ёқтирарди, яхшиям водийдан келин қилган эканмиз, қўл-оёғи чаққон, ширинсўз экан, деб онамга қўнғироқ қилиб раҳмат ҳам айтган. Билмайман, қандай қилиб мени ёмон кўриб қолди. Оилада қандай гап-сўз бўлса ҳам, умуман гап қайтармаганман. Чунки онам мени шундай тарбиялаган. Бир марта гап қайтарганман. Унда ҳам “Бу уйдан кет, йўқол”, деб ҳайдаганида, “Йўқ, кетмайман, эрим кет, деса кетаман”, деганман. Шунда ҳам “эрим” деган сўзим ёқмаган. Жуда қаттиқ гап эшитганман.
Бир ойлик келинчак пайтимда Шароф қаттиқ дўппослаган. Уйга келаётганида қўнғироқ қилганим учун. Ёнида дўсти бўлган, келяпсизми, деганимни эшитган ва “Хотинингни ҳозирдан қаттиқ ушла, эсини кирғизиб қўй, сендан қўрқиб турсин”, деб “маслаҳат” берган. Ярим кечаси уйга келиб дўппослаган, урмаган жойи қолмаган. Дод-вой овозини эшитиб уйдагилардан ҳеч ким чиқмаган. Хўрлигим келиб, нарсаларимни йиғиштириб, кетаман, деганимда, яна кечирим сўраб олиб қолган, дея эслайди Севинч Мўминова.
“Уйимиздан бегона аёлнинг кийимини топиб олганман”
Афсуски, юлдузли жуфтликнинг бахтли онлари узоққа чўзилмади. Оилада дунёга келган қизалоқ ҳам уни сақлаб қололмади. Севинч тўйдан сўнг беш ой давомида қайнона-қайнотаси билан битта уйда яшашган, сўнг турмуш ўртоғи билан алоҳида уйга кўчиб ўтган. “Шу вақтдан эътиборан оиламиз бузилишни бошлади, чунки Шароф бир кун мен билан яшаса, бир кун ота-онаси билан яшарди”, дейди Севинч.

— Ажрашишимизга сабабларни айтсам, бегона қизлар билан ёзишарди, исботларигача бор. Онамни кўргани Фарғонага 1 ҳафтага кетиб, қайтиб келганимда, уйдан аёллар упасини топганман, меники эмасди. Жанжал кўтармаганман, фақат сўраганман. “Дўстим клипга суратга тушганди, гримёрники чўнтагида қолиб кетган экан, шу тушиб қолган, шекилли”, деган. Гапига ишондим. Унга қаттиқ ишонардим, менга хиёнат қилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмасдим.
Кейин ҳаммомдан бегона аёллар ички кийимини топиб олдим, шундан сўнг буткул ишончим йўқолди. Атайлаб ташлаб кетилган эди. Ҳеч ким унутиб қолдирадиган нарса эмас-ку бу. Бир қиз билан ҳам гаплашишини билиб қолганман. Шароф унга “Мабодо Севинч сенга қўнғироқ қилиб қолса, синглисиман, деб айтгин” деган экан. У қизга қўнғироқ қилганимда яшириб ҳам ўтирмай, “Ҳа, биз гаплашамиз” деб, менга Шарофнинг ўша гапларини скриншот қилиб юборганди. Мен шунда ҳам қизим учун у отасиз катта бўлмасин деб, бу ишларига кўз юмганман. Лекин кўнглим совиб бўлганди. Мен охирги нуқтагача оиламизни асраб қолишга ҳаракат қилганман. У эса қариндошларининг, ўртоқларининг гапига кирарди, ажрашишимизда уларнинг ҳам гапининг таъсири бўлган, дейди Севинч.
“Турмуш қуришни кўп таклиф қилишади”
Шароф Муқимовнинг онаси саратонга чалинганида ҳам хонанда бунга Севинчни айбдор қилгани ҳақида гапирди.

— Алоҳида чиқиб кетганимдан сўнг 6 йил ўтиб, қайнонам саратон касалига чалинди. Шундан кейин Шарофнинг менга муомаласи қаттиқ ўзгарди. “Бориб қарайми?” деганимда йўқ, деди. Айтишларича, онасини мен касал қилиб, жонини олган эканман. Мен оиламизни сақлаб қолишга охиригача ҳаракат қилдим. Бошидан бошлайлик, деганимда ҳам, қариндошларим, дўстларим нима дейишади, деганди. Шундан кейин бу одамнинг ўзининг фикри йўқлигини билганман. Ҳозир ҳам менга турмуш қуриш таклифи билан кўп чиқишади, аммо қизимга чин оталик қила оладиган, мени доим ҳимоя қилиб, ёнимда турадиган инсон бўлсагина, рози бўлишим мумкин, тақдир қилмаган бўлса, бунга ҳам розиман, дейди у.
Ана шундай важларга кўра улар 2017 йилда расман ажрашди. Хонанда Севинч эса қизи Лейлани ёлғиз тарбия қилмоқда.
“Кўчадаги ҳаётдан чарчаганман”
Севинч Мўминова ҳамиша шошиб юрадиган ва ҳамкасблари билан яқин муносабатда бўлмайдиган хонанда. У “Дарё”га берган интервьюсида бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаганди.

— Қизим туғилганида тўрт йил жамиятдан узилиб, бор эътиборимни фарзандимга қаратганман. Ҳақиқатан ҳам шошиб юраман, санъаткорлар бўладиган кўп давраларда иштирок этолмайман. Чунки шовқин ва кўча ҳаётидан чарчаганман. Сокин ҳаётимда қизим, ота-онам билан бўлсам бўлди. Илгари гастрол сафарларига ҳам кўп борардим. Ҳозир концертни ёки тўйни ўтказиб, уйга шошиламан. Балки, бу оналик меҳридир, дейди хонанда Севинч Мўминова.
Изоҳ (0)