Украина мудофаа вазири Денис Шмигал Австралия ваъда қилган М1А1 Абрамс танкларининг катта қисми етказиб берилганини тасдиқлади. Украина қуролли кучлари қолган жанговар техникаларни ҳам кутмоқда.

“Жўнатилган 49 та танкнинг аксарияти аллақачон Украина армиясида хизматга киришди. Охирги партия келгуси ойлар ичида етиб келади,” деган вазир.
Шмигалга кўра, қабул қилиб олинган танклар партияси 245 миллион Австралия доллари қийматдаги ҳарбий ёрдам пакетига киради. Мазкур пакет Канберра томонидан кенг кўламли уруш бошидан буён Украинага ажратилган 1,5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамнинг бир қисмидир.
“Биз Австралия ҳукуматининг қатъий ёрдами ва Украинани оғир дамларда елкама-елка қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз,” деди у.
Австралия ҳукумати АҚШда ишлаб чиқарилган М1А1 Абрамс танклари Украинага топширилганини тасдиқлади. Мазкур партиянинг қиймати 160 миллион Австралия долларини ташкил этади. Қолган жанговар машиналар тез орада етказилади.

Киев иттифоқчисидан бу танкларни 2024 йил февраль ойида сўраган эди. Бироқ ушбу жанговар машиналарнинг ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган АҚШдан рухсат олиш зарурати сабаб жараён бир оз кечикди.
Изоҳ (0)