Россия ҳарбий суди РФ Мудофаа вазирлигининг собиқ юқори мартабали мулозими Владимир Шестеровни давлат шартномалари билан боғлиқ йирик фирибгарлик учун 6 йилга озодликдан маҳрум этди.

Шестеров Мудофаа вазирлиги Инновацион ривожланиш бош бошқармаси раҳбар ўринбосари лавозимида ишлаган. У 2024 йили Москва яқинидаги Patriot Park ватанпарварлик мажмуаси қурилишига ажратилган 40 миллион рублдан ортиқ (тахминан 510 минг доллар) маблағни талон-торож қилишда айбланиб қўлга олинган.
Терговчилар Шестеров Patriot Park’нинг собиқ директори Вячеслав Ахмедов ҳамда Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Павел Попов билан тил бириктириб, 2022–2024 йиллар оралиғида 25 миллион рублдан зиёд (319 минг доллар) пулни ўзлаштирганини маълум қилди.
Хабарга кўра, Шестеров ва Ахмедов айбини тан олиб, Поповга қарши кўрсатма бергач, уй қамоғига ўтказилган. Попов эса ҳозирда порахўрлик, ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик ва ноқонуний қурол сақлаш каби бир неча моддалар бўйича тергов остида қолмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, суд Шестеровни йирик фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди. У 6 йиллик қамоқ жазосидан ташқари:
- 500 минг рубль (6,4 минг доллар) жарима
- 2 йил давомида давлат лавозимларида ишлаш тақиқи
- Генерал майор унвони ва барча давлат мукофотларидан маҳрум қилинди.
Patriot Park Москвадан 60 км ғарбда жойлашган бўлиб, ҳарбий-тематик мажмуа ва кўргазма марказидир. Паркда қурол-аслаҳа намойишлари, жонли отишмалар учун полигонлар ҳамда Россия қуролли кучларига бағишланган православ собори мавжуд.
Мазкур кейс Россия Мудофаа вазирлигида олиб борилаётган коррупцияга қарши кенг кўламли кураш кампаниясининг бир қисмидир. Шу йил бошида собиқ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов 13 йилга қамалган эди.
Изоҳ (0)