Шавкат Мирзиёев бугун, 6 июль куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва фаровонлик тилади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қозоғистон биринчи президенти 1940 йил 6 июль куни туғилган. 2021 йил охирроғида берган интервьюсида Назарбоев умуртқасини операция қилдиргани давлат раҳбари лавозимидан кетишининг сабабларидан бири эканини тан олганди. “Аввал бу ҳақда умуман гапирмаганман, бу ўзига хос шов-шувли янгилик бўлади. Мен умуртқамни, белимни операция қилдирганман ва жарроҳлик амалиёти анча жиддий эди”, дея ҳикоя қилган Назарбоев.
Назарбоев соғлиғи билан боғлиқ муаммолар катта оммавий тадбир вақтида 2011 йилда кузатила бошлагани ҳақида ҳам гапирган. Нурсултон Назарбоев 2019 йил 19 март куни президентлик лавозимидан кетиши ҳақида эълон қилган ва эртаси куни давлат раҳбари сифатида ўз ваколатларидан воз кечиши ҳақидаги фармонни имзолаган.
Изоҳ (0)