Европа Иттифоқи 4 июнь куни металл ва минераллар билан боғлиқ 13 та янги хом ашё лойиҳасини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Ушбу металлар мудофаа ва аэрокосмик соҳада рақобатбардош бўлиш учун зарур ҳисобланади.
Хитой апрель ойида нодир ер метали экспортига чекловлар қўйиш тўғрисидаги қарор қилган эди. Бу дипломатлар, автомобиль ишлаб чиқарувчилар ва Европа ва бошқа мамлакатлар компанияларини саросимага солиб қўйган.
“Биз барча давлатларга, хусусан, Хитой каби давлатларга қарамликни камайтиришимиз зарур. Экспорт тақиқлари диверсификация қилиш истагимизни кучайтирмоқда”, деди Европа комиссари Стефан Сежурн.
Хитой автомобиллар ва қирувчи самолётлардан тортиб маиший техникагача ишлатиладиган магнитларни қайта ишлаш бўйича глобал қувватнинг 90 фоиздан ортиғини назорат қилади. Шунингдек, у қайта тикланадиган энергия, айниқса, ноёб ер минераллари, аккумулятор ва қуёш панеллари учун кўплаб асосий манбаларнинг етказиб берувчиси ҳисобланади. Брюссел бу вазиятни ўзгартиришни истайдиганлар қаторида етакчи.
Европа Иттифоқи 2023 йилда “Муҳим хом ашё тўғрисида”ги қонун қабул қилган. Унга кўра, 2030 йилгача иттифоқ эҳтиёжларининг 10 фоизини қазиб олиш, 40 фоизига ишлов бериш ва 25 фоизини қайта ишлашни мақсад қилган.
Янги лойиҳаларнинг 10 таси электромобиль аккумуляторлари ва уларни сақлаш учун зарур бўлган материаллар, жумладан, литий, кобалт, марганец ва графитга йўналтирилади.
Малави ва Жанубий Африкада 2 та лойиҳа ишга туширилиши айтилган. Бошқа лойиҳалар Британия, Канада, Гренландия, Қозоғистон, Мадагаскар, Норвегия, Сербия, Украина, Замбия, Бразилия ва Франциянинг Янги Каледония ҳудудида амалга оширилади. Британияда волфрам, Украина ва Гренландияда эса графит қазиб олиш режалаштирилган. Волфрам мудофаа саноати учун калит ҳисобланади. Бу лойиҳа GreenRоc Strategic Materials 2 томонидан бошқарилади.
Изоҳ (0)