Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон—Венгрия кўп қиррали муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
“Май ойида Тошкент шаҳрида қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форуми самарали ўтказилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробар ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони кўпаймоқда, 30 июндан Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар тикланди”, дейилади хабарда.
Инвестиция лойиҳаларининг янги портфелини тайёрлаш ва жорий йил якунига қадар Қўқон шаҳрида Ҳудудлар форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик фаоллашди. Икки мамлакат халқларини яқинлаштиришга қаратилган маданий тадбирларни ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Туркий давлатлар ташкилоти ва Европа Иттифоқи доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, 5 июль куни Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга борганди. Президент 6 июль куни Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этади.
Изоҳ (0)