Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 6 ёшли болани ўзига тегишли Nexia-2 юкхонасига солиб, автомобилни ҳаракатлантирган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Май ўрталарида Қўқон шаҳар Обод юрт кўчасида яшовчи эркак ушбу кўчада ўйнаб юрган 6 ёшли болани яшаш хонадони девори ва ойнасига тош отганликда гумон қилиб, ундан ўч олиш мақсадида, унинг қаршилигига қарамасдан, ўзига тегишли Nexia-2 юкхонасида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган шароитда сақлаган ҳолда ҳаракатланган. Ҳолат юзасидан эркакка жиноят иши қўзғатилган эди.
“Кун.uz”нинг суд ҳужжатларига таяниб ёзишича, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 12 июндаги ҳукми билан М.А. Жиноят кодексининг 138-моддаси 1-қисмида (бировни зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 17 майдан 12 июнга қадар қамоқда ўтирган ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 3 кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан 78 кун чегириб ташланган ҳамда ўташ учун 1 йил 9 ой 12 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган.
Аввалроқ Тошкентда ёши катта эркак боланинг юз қисмига ураётган ҳолати акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Изоҳ (0)