2021 йилнинг август охирларида Тошкентда 35 ёшли эркак ўғли билан уришиб қолган 11 ёшли болани калтаклагани тўғрисида хабар берилганди. «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида маълум қилинишича, зўравон эркакка нисбатан жазо тайинланган.
22 август куни фуқаро Д.Ў. Тошкент шаҳар ИИББга 102 рақами орқали мурожаат қилиб, ўғлини урган қўшнисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Аниқланишича, шу куни соат 14:00 ларда Чилонзор тумани 8-мавзеда истиқомат қилувчи ёш болалар ўзаро уришиб қолган. Уларнинг тортишувига болалардан бирининг отаси — 35 ёшли Қ.Б. аралашган ҳамда вояга етмаган 11 ёшли бола — К.А.ни уриб тан жароҳати етказган.
Ҳолат бўйича ўтказилган суд ишида айбланувчи эркак қилмишидан пушаймонлигини айтиб, қўшниларидан кечирим сўраган. Жабрланган боланинг онаси эса қамоқ эҳтиёт чораси қўшнисига дарс бўлганидан умидвор ва даъвоси йўқлигини билдирган.
Суд ҳукмига кўра, Д.Ў. Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолатда 1 йил 2 ой 18 кун ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. Эркакка нисбатан қўлланилган қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд мажлисида озод қилинган.
Аввалроқ Тошкентда ижтимоий тармоқда ҳақорат қилгани учун танишини калтаклаган 17 ёшли қизнинг онаси жаримага тортилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)