Эрондаги президентлик сайловларида ислоҳотчилар номзоди Масъуд Пезешкиён ғалаба қозонди ва мамлакатнинг навбатдаги етакчисига айланди. Бу ҳақда Эроннинг PressTV манбаси хабар берди.
Унда айтилишича, 5 июль куни ҳисобланган овозлар президентлик пойгасига узил-кесил нуқта қўйган. Фуқаролар томонидан икки устун номзод учун жами 30,5 миллион овоз берилган. Шундан 16,384 миллион овоз ислоҳотлар тарафдори бўлган Пезешкиён ҳиссасига тўғри келган.
Унинг рақиби, ультраконсерватор Саид Жалилий 13,5 миллиондан ортиқ овоз тўплаб, пойгада иккинчи ўринни банд этган. Жалилийнинг тарафдорлари сайлов олдида анча фаол бўлганига қарамай, якунда у устунликни яққол бой берган.
Эрондаги президентлик сайловларида мамлакатдаги жами сайловчиларнинг 49,8 фоизи иштирок этган. Мамлакатнинг 10 га яқин вилоятида аҳолининг сайловлар жараёнида пассив иштироки кузатилган.
Пезешкиённинг режаси Эронни ички ва ташқи муҳитга очишни ўз ичига олади. Янги раҳбар Теҳрон бугунги кунда тобора кучайиб бораётган халқаро изоляция, ички норозилик, спирал иқтисодиёт ва хавфли рақиб Исроил билан тўғридан тўғри тўқнашув муаммоларига дуч келаётганини яхши тушунади ва бу сунъий ташқи кўринишни ўзгартиришни хоҳлайди.
Сайловлар аввалида президентлик учун Эронда 10 дан ортиқ номзод бор эди. Аммо сайлов комиссияси уларнинг кўпчилигини рад этди. Ўта ўнг консерватив руҳдаги номзодлардан фарқли равишда янгиликка ўч Пезешкиён аҳоли диққат марказига тушди. Унинг устунлиги шунда эдики, у кўп гапирилмайдиган ички муаммоларга урғу берди.
Янги раҳбар Эрон рақиблари билан мулоқотга киришиш ғоясини илгари суради. Бу мулоқот ҳаттоки ўта нозик ҳисобланган ядро дастури борасида ҳам бўлиши мумкин. Пезешкиён ушбу сиёсатни мамлакат ички муаммоларини ҳал қилиш воситаси деб билади.
“Биринчи масала — бу истиқбол: биз дунё мамлакатлари билан муаммоларимизни ҳал қилиб олишни хоҳлаймизми ёки йўқми? Ўйлайманки, муаммоларимизни ҳал қилиш учун боши берк кўчадан чиқишимиз керак”, деган Пезешкиён сайловолди дебатида.
Эроннинг янги етакчиси катта мақсадлар қўяётган бўлса-да, амалда унинг ҳокимияти барча давлат масалалари бўйича сўнгги сўзни айтадиган Олий раҳнамо томонидан чекланади. Шу боисдан ҳам Ғарб таҳлилчилари Пезешкиёнга тегишли Эрондан катта янгиликлар кутиб бўлмаслигини тахмин қилган.
Маълумот ўрнида, Масъуд Пезешкиён собиқ президент Муҳаммад Хотамий даврида соғлиқни сақлаш вазири бўлган. Мутахассислигига кўра у юрак жарроҳи. Кейинчалик қонунчилик соҳасида ҳам таҳсил олган. Пезешкиён 2009 йилда демократия тарафдорларининг норозилик намойишлари ва 2022 йилда Маҳса Амини ўлимидан сўнг Эрон ахлоқ полицияси томонидан содир этилган зўравонликларга қарши ўз позициялари билан танилган.
Пезешкиён Маҳса Амини вафоти ва ундан кейин кўтарилган ғалаёнларда ҳокимиятнинг ўзи айбдорлигини маълум қилган эди. Бу эса унинг номини Эронда машҳур бўлишига ҳисса қўшган.
“Бу бизнинг айбимиз. Биз диний эътиқод сиёсатини куч ишлатиш орқали амалга оширмоқчимиз. Бу ҳар қанақасига имконсиздир”, деган эди ўшанда Пезешкиён.
Масъуд Пезешкиён 1994 йилда автоҳалокатда хотини ва фарзандларидан бирини йўқотгач, умрини сиёсий фаолиятга бағишлаган. У 2013 ва 2021 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйган, бироқ муваффақиятга эриша олмаган.
69 ёшли янги президент этник жиҳатдан аралаш оиладан чиққан — отаси озарбайжон ва онаси курд миллатига мансуб. Бундан ташқари унинг она тили ҳам форс тили эмас. Пезешкиённинг ҳукуматга келиши уни Эрон миллий озчилик гуруҳлари ичидаги обрўсини ошириб юборди. Бу айни пайтда раҳбарни янги ксенофобик ҳужумларга ҳам рўбарў қилиши мумкин.
Изоҳ (0)