Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “UzKazTrade” ташқи савдо қўшма компанияси тузилди. Бу ҳақда “Дарё”нинг Қозоғистондаги мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, “QazTrade Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази” ва “UzTrade” акциядорлик жамиятлари экспорт-импорт компанияси таъсисчилари бўлган.
“QazTrade” бош директори Нурали Букейхановнинг сўзларига кўра, “UzKazTrade”нинг ташкил этилиши Қозоғистон корхоналарига ҳар икки давлат бозорларига маҳсулот етказиб бериш ҳажмини оширишга ёрдам беради. Шунингдек, қўшма корхона ўзаро савдодаги чекловлар ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга ёрдам беради.
“Дастлабки босқичда Қозоғистон ички бозори эҳтиёжларини қондириш учун Ўзбекистондан мева-сабзавот сотиб олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Қозоғистон ун маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудида сотишга кўмаклашамиз ва келгусида Афғонистонга экспорт қилиш имкониятини яратамиз. Биз Ўзбекистон томони билан логистика харажатлари бўйича имтиёзлар беришга келишиб олдик”, — деди Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази раҳбари.