Греция ҳукумати Европарламент вице-президенти Ева Кайли ва унга алоқадор шахсларнинг мулки ҳамда молиявий активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Ekathimerini хабар берди.
Бельгияда Кайли ва яна уч кишига коррупция бўйича айблов қўйилган. Активларни музлатиш тўғрисидаги қарорни Грециянинг пул ювишга қарши кураш бошқармаси раҳбари Ҳараламбос Вурлиотис қабул қилган. Активларни музлатиш чоралари молия институтлари ва тегишли давлат органлари томонидан амалга оширилиши керак.
Кайлининг ҳибсга олиниши
9 декабрда Европарламент вице-президенти Ева Кайли Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати атрофидаги коррупция иши бўйича қўлга олинганди. Бельгия полицияси Кайлининг уйида рейд уюштирган.
Аввалроқ Бельгия прокуратураси йирик операцияси ўтказилгани, унинг давомида тўрт киши, жумладан, собиқ Европарламент депутати Пьер-Антонио Панзери ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси президенти Лука Висентини қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Собиқ депутатнинг қароргоҳидан 500 минг евро нақд пул топилган.