Қирғизистонда 34 нафар беморда чўчқа гриппи аниқланди. Бу ҳақда KaktusMedia хабар берди.
Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси эпидемиологи Султон Суранбоев бу бўйича маълумот берди. У ваҳима қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқлиги ва бу мавсумий грипп эканини қайд этди.
«Қирғизистонда мазкур гриппга чалинганлар сони 34 тани ташкил қилмоқда. Барча грипп вируслари орасида бу 27,2 фоизни ташкил қилади. Ҳозир асосан Б гриппи тарқалмоқда ва аллақачон 56 кишида қайд этилган. Умумий ҳисобда вирусга чалинганлар 90 кишини ташкил қилади», — дейди у.
Таъкидланишича, чўчқа гриппи бошқа вирус турларидай кечади. У мавсумий гриппнинг ҳар қандай туридан фарқ қилмайди.
«Чўчқа гриппи биринчи марта 2009 йилда Европада, 2015 йилда Россияда қайд этилган. Бизда деярли ҳар йили алоҳида ҳолатлар рўйхатга олинади. Ҳозирда Қирғизистонда чўчқа гриппининг кенг миқёсда тарқалишини кўрмаяпмиз. Таҳлилларга кўра, касаллик ўтган йилги даражада давом этмоқда», — дея тушунтирди Суранбоев.
Мавзуга доир: Россиянинг 74 та ҳудудида чўчқа гриппи аниқланди
Изоҳ (0)