Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганишларда Ўзбекистондаги айрим археология ёдгорликларига баъзи маҳаллий ҳокимликлар ҳамда юридик шахсларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари оқибатида катта миқдорда зарар етказилаётгани аниқланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Тошкент вилояти Паркент тумани, «Истиқбол» МФЙдаги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди 2018 йил 28 сентябрда туман ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали «У.Қ.Б» МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган.
Аниқланишича, мазкур археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Давлат мулки ҳисобланган ушбу объект Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Ушбу археология иншоотини «У.Қ.Б» МЧЖ раҳбарлари 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда тадбиркор «У.М.П.» МЧЖга сотиб юборган. Мазкур тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Цех учун хом ашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини «У.Қ.Б» МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатдан хабар топган Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган.
Ҳолат бўйича ўрганиш ишларига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази мутахассислари ҳамда ҳудудий давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари жалб этилган.
Жумладан, 2021 йил ноябрь ойида мазкур ҳудудда илмий тадқиқот (тупроқ қазиш ва объектни кузатиш) ишлари олиб борилган. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, мазкур археология объекти эрамизнинг I-IV асрларига оид бўлиб, кўчманчи чорвадор аждодларимизга тегишли қабристон ёдгорлиги саналиши аниқланган.
Ўрганишлар давомида олинган дастлабки маълумотларга кўра, «У.М.П.» МЧЖ мансабдор шахслари томонидан «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлиги ҳудудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объектига 1,5 триллион сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида агентлик томонидан тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада, 2021 йил декабрь ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан «У.М.П.» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддаси (моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) 2-қисми, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиб келинмоқда.
Аввалроқ Бухорода қўйхонага айлангани рад этилган «Чор минор» мадрасаси чорбоғида тандирдан ҳам фойдаланиб келингани маълум бўлгани, Қорақалпоғистонда мақбара ҳудудида қабр учун ерлар сотилаётгани, Самарқандда «снос»га тушган ҳудуддан топилган Қуръон оятлари туширилган қадимий қабртошлар қайси асрга ва кимга тегишли экани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.