Саманта Смит — «совуқ уруш» даврида КПСС МК бош котиби Юрий Андропов билан хат ёзишгани сабаб бутун дунёга танилган қизалоқ. Унинг СССРга ташрифи, «Артек» лагерига саёҳати ва фожиали ўлими ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.

Қримдаги «Артек» лагерига ташриф буюрган америкалик ўқувчи Саманта Смит

Фото: «ТАСС»

1982 йилнинг ноябрида 10 ёшли Саманта Смит нима учун АҚШ ва СССР ўртасидаги муносабатлар бу қадар кескинлигига ойдинлик киритиш мақсадида Юрий Андроповга мактуб йўллаган. Андроповнинг жавоб хатидаги таклифга биноан Саманта 1983 йилнинг июлида Москва ташриф буюрган. Унининг Москва, Ленинград ва «Артек» пионерлар лагерига саёҳатини жаҳон ОАВлари ёритиб борган.

1985 йилнинг 25 августида отаси билан «Лайм кўчаси» сериалининг суратга олиш жараёнидан қайтаётганида Саманта Смит авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган. Ушбу ҳолат кенг жамаотчиликда резонансни юзага келтирган ва фитна назариясини «болалатган», бироқ расмий тергов ҳалокат бўйича айб учувчида эканини кўрсатган.

Тарихий воқеа

Юрий Андропов КПСС МК бош котиби лавозимида Леонид Брежнев ўрнини эгаллагач, ғарб матбуоти ушбу воқеани кенг ёритишга киришган. Мақолаларнинг аксарияти янги совет раҳбарини салбий томондан кўрсатган, улар Андроповнинг тайинланишини халқаро муносабатларда беқарорлик хавфини келтириб чиқаради деб ҳисоблаган. Чунки Андропов 1956 йилги воқеаларда СССРнинг Венгриядаги элчиси бўлган, 1967 йилдан 1982 йилга қадар КГБ раиси лавозимида фаолият юритган. Бу вақт давомида у Ғарбда «Прага баҳори»ни бостиргани билан танилган.

1982 йилнинг 22 ноябрида Time журнали ўз муқовасига Андроповнинг портретини чиқарган ва унга бир неча мақолани бағишлаган. Уларни онаси билан ўқиган Саманта Смит «Андроповдан шу қадар қўрқишса, нима учун унга хат ёзиб, у уруш бошлаш ниятидами ёки йўқлигини сўраб қўя қолишмайди?», — дея савол берган. Онасининг «Нима учун хатни ўзинг ёза қолмайсан?» деган жавоб Самантани мактуб йўллашига туртки бўлган.

Time журналининг 1982 йил 22 ноябрдаги сони

Фото: Time Magazine

Саманта Смит 1972 йилда Мен штатидаги Хоултон шаҳрида Артур ва Жейн Смитлар оиласида туғилган. 1980 йилда оила Манчестер шаҳрига кўчиб ўтган. Самантанинг отаси Мен штати университетида инглиз тили ва адабиётдан дарс берган, онаси эса ижтимоий ишчи бўлган.

Саманта оддий қизалоқ бўлган: мактаб жамоасида софтбол ўйнаган, ҳайвонларни, чим устидаги ҳоккей ва фортепианони яхши кўрган, роликли конкиларда учган, кўп китоб ўқиган. 5 ёшида у қиролича Елизавета II га ўзининг биринчи мактубини йўллаган ва жавоб олган.

Саманта Смит 1982 йилнинг ноябрида Юрий Андроповга ўша машҳур хатни ёзган.

Тинчлик хати

Ҳурматли жаноб Андропов,

Менинг исмим Саманта Смит. Мен 10 ёшдаман. Сизни янги лавозимга тайинланганингиз билан табриклайман. Мени Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида ядровий уруш бошланиши жуда хавотирга солади. Сиз уруш бошлашга овоз берасизми ёки йўқ? Агарда урушга қарши бўлсангиз, илтимос айтинг-чи, урушнинг олдини олишга қандай ёрдам бермоқчисиз? Сиз, албатта, саволимга жавоб беришга мажбур эмассиз, аммо мен жавоб олишни истаган бўлардим. Нима учун бутун дунёни ёки камида бизнинг мамлакатни эгаллаб олишни истаяпсиз? Худо дунёни биз биргаликда яшашимиз ва у ҳақида қайғуришимиз учун яратди, уни эгаллаш учун эмас. Илтимос, келинг, у хоҳлагандек қилайлик ва шунда ҳамма бахтли бўлади.

Саманта Смит

Саманта мактубини имзолаб, ўз манзили ва унга жавоб юборишларини сўраб постскриптум қўйган. Мактуб СССРга 1982 йилнинг ноябрида юборилган, 1983 йилнинг апрелида эса унинг бир қисми «Правда» газетасида эълон қилинган. Таъкидланишича, ушбу мақоланинг эълон қилиниш санаси тасодифий эмас — 1983 йилнинг 23 март куни Роналд Рейган Стратегик мудофаа ташаббусини эълон қилган. «Правда»даги мақолада Андроповга хат ёзган бошқа америкаликларнинг ҳам мактубларидан парчалар келтирилган эди.

Фото: «РИА Новости»

Саманта «Правда»даги мақоладан хурсанд бўлган, аммо у вақтда ҳали жавоб хатини олмаган эди. Шунда у СССРнинг АҚШдаги элчисига хат ёзиб, ёши 10 да бўлишига қарамай, бераётган саволлари муҳим эканини таъкидлаган ва ундан Андропов жавоб ёзиш ёки ёзмаслигини аниқлаб беришни сўраган. 1983 йилнинг 26 апрелида у Андроповдан жавоб хатини олган. Мактуб рус тилида (инглизча таржимаси ҳам бўлган) қорайтирилган қоғозга кўк сиёҳ билан ёзилган ва остига 1983 йил 19 апрель санаси туширилган эди.

Қадрли Саманта!

Шу кунларда сенинг мамлакатинг ва дунёнинг бошқа давлатларидаги кўплаб инсонлардан келаётган мактублар каби сенинг ҳам хатингни олдим.

Ўйлайманки — мен мактубга асосланиб хулоса чиқаряпман — сен ҳамюртинг Марк Твеннинг машҳур китобидаги Том Соернинг қиз дўсти Бекки каби жасур ва ҳалолсан. Бу китобни юртимизда барча ёш болалар ва қизлар жуда яхши кўради ва билади.

Мамлакатларимиз ўртасида ядровий уруш бўлмайдими деган хавотирда эканингни ёзибсан. Ва уруш бошланмаслиги учун нимадир қиляпмизми деб сўрабсан.

Сенинг саволинг — тафаккур қиладиган инсон бера олиши мумкин бўлган энг муҳим савол. Унга жиддий ва тўғри жавоб қайтараман.

Ҳа, Саманта, биз Совет Иттифоқида мамлакатларимиз ўртасида, бутун Ер юзида уруш бўлмаслиги учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Ҳар бир совет кишиси шуни хоҳлайди. Давлатимизнинг буюк асосчиси Владимир Ленин бизга шундай ўргатган.

Совет одамлари уруш нақадар қўрқинчли ва вайронкор эканини яхши билади. 42 йил олдин, бутун дунёни эгаллашга интилган нацистлар Германияси юртимизга ҳужум уюштирган, минглаб шаҳар ва қишлоқларимнинг кулини кўкка совурган, миллионлаб совет эркаклари, аёл ва болаларини ўлдирган.

Ғалабамиз билан якунланган урушда биз Қўшма Штатлар билан иттифоқдош эдик, биргаликда қўлга олинган кўплаб халқларни нацистлардан озод этдик. Умид қиламанки, сен бундан мактабдаги тарих дарслари орқали яхши хабардорсан. Ва бугунги кунда биз Ер шаридаги барча — хоҳ яқин, хоҳ узоқ бўлсин у билан тинч-тотув яшашни, савдо ва ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз. Ва, албатта, Америка Қўшма Штатлари каби буюк мамлакат билан ҳам.

Америкада ҳам, бизда ҳам ядровий қурол бор — бир онда миллионлаб инсонларни ўлдириб юбориши мумкин бўлган қўрқинчли қурол. Аммо биз у қачонлардир ишлатилишини истамаймиз. Айнан шу сабабли Совет Иттифоқи бутун дунёга ҳеч қачон ядровий қуролни бирор давлатга биринчи бўлиб ишлатмаслигини тантанали эълон қилди. Умуман олганда биз уни келажакда ишлаб чиқаришни тўхтатишни ва Ердаги барча захираларини йўқ қилишга киришишни таклиф қиламиз.

Менимча, бу — сенинг иккинчи «Нима учун бутун дунёни ёки камида Қўшма Штатларни эгаллаб олмоқчисиз?», деган саволингга етарлича жавоб. Биз бундай нарсани хоҳламаймиз. Мамлакатимизда ҳеч ким — на ишчи, на деҳқон, ёзувчи ёки шифокор, катта ёки кичик, на бир ҳукумат аъзоси кичик ёки катта урушни хоҳламайди.

Биз тинчлик истаймиз — шуғулланадиган ишларимиз бор: буғдой етиштириш, қуриш, ихтиро қилиш, китоблар ёзиш ва космосга учиш. Биз ўзимиз ва сайёранинг барча халқлари учун тинчлик хоҳлаймиз. Ўз фарзандларимиз ва сен учун ҳам Саманта.

Сени, агарда ота-онанг рухсат берса бизникига келишга таклиф этаман, яхшиси — ёзда. Мамлакатимиз билан танишасан, тенгдошларинг билан кўришасан, кўп халқлар учун мўлжалланган денгиз бўйидаги «Артек» оромгоҳида бўласан. Ва ўзинг Совет Иттифоқида барча — тинчлик ва халқлар дўстлиги тарафдори эканига ишонч ҳосил қиласан.

Табригинг учун раҳмат. Энди бошланаётган ҳаёт йўлингда энг яхши тилакларим ҳамроҳ бўлсин.

Юрий Андропов

Ўз номига келган мактублар ичида қолган Саманта Смит

Фото: «ТАСС»

Жавоб хати йўлланишидан олдин Совет Иттифоқидан Артур Смитга қўнғироқ қилишиб, жавобни матбуотда эълон қилишга рухсат сўралган ва бу амалга оширилган. Самантанинг хати ва Андроповнинг унга жавоби жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказидан ўрин олган: бу вақтда Самантага юзлаб мактублар кела бошлаган. Қизалоқнинг СССР бош котиби билан ёзишмалари ҳам Америка, ҳам совет телевидениесида айлантирилган. Самантани телекўрсатувларда иштирок этишга чақиришган, унга Франция, Англия, Австралия, Болгария, Германия ва Япониядан мухбирлар қўнғироқ қилган. Унга Мен штати Қонунчилик бирлашмаси миннатдорчилик эълон қилган: Вакиллар палатаси ва Сенат унга қўшма резолюцияни бағишлаган.

1983 йилнинг майида Саманта ва унинг ота-онаси СССРга ташриф буюриш таклифини қабул қилган, барча харажатлар Совет Иттифоқи томонидан қопланган. Уларга Москвада ўзини қандай тутиш кераклиги бўйича Давлат департаменти вакили маълумот берган, аммо Оқ уй ташрифни маъқулламаган ҳам, қораламаган ҳам.

СССРга ташриф

Саманта ҳамда унинг ота-онаси 1983 йилнинг 7 июлида СССР томон йўлга отланган. Аэропортда уларни икки нафар гид ва кўплаб журналистлар кутиб олган. Смитлар оиласи Совет Иттифоқида бўлган икки ҳафталик ташрифи давомида Саманта Москва, Ленинград ва Қримдаги «Артек» лагерида бўлган. Саманта Москвага икки маротаба — сафарининг боши ва охирида ташриф буюрган. Бу вақт давомида Смитлар оиласи «Советская» меҳмонхонасида яшаган, СССР Олий Кенгаши йиғилишида қатнашган, Ленин мавзолейига ва у яшаган квартирага ташриф буюрган. Саманта совет одамлари учун Владимир Ленин америкаликлар учун худди Жорж Вашингтондеклиги ҳақида гапирган.

Москвадаги «Советская» меҳмонхонасига ташриф буюрган Саманта ва унинг ота-онаси

Фото: «ТАСС»

«Артек» раҳбарияти Самантанинг ташрифига тайёргарлик кўрган: ошхонани қуриб битирган, энг яхши хонани унинг ихтиёрига топширган (айрим манбаларга кўра, оромгоҳни икки ой давомида таъмирлаш учун қарийб 17 миллион доллар сарфланган). Қиз оркестр, гул ва «Доимо қуёш порласин» қўшиғи остида кутиб олинган. Унга қаерда яшашни танлаш имкони берилган: ота-онаси билан меҳмонхонада ёки бошқа қизлар билан лагерда. Саманта «қизлар билан!» дея жавоб қайтарган.

Пионерлар бўйинбоғини тақаётган Саманта

Фото: «ТАСС»

Самантанинг СССРга ташрифини ташкиллаштиришга масъул бўлган ходимлардан бири Наталя Жаваронкинанинг сўзларига кўра, ўшанда лагерга олиб келинадиган ҳар бир бола яхшилаб текширилган. Уларнинг билим даражаси, оила шароити тўғрисида маълумотлар тўпланиб, энг саралар танлаб олинган.

«Артек» лагерида тенгдошларига дастхат улашаётган Саманта

Фото: «ТАСС»

Лагерда Саманта бошқа совет болалари каби кундалик тартибга риоя қилган: бадантарбия машқларини қилган, пляжда айланган, барча билан Алупкага экскурсияга борган. Саманта ленинградлик Наташа Каширина ва бошқа болалар билан дўстлашиб қолган. Унинг отрядидаги қизларнинг аксарияти инглиз тилида сўзлаша олган. Самантанинг «Артек»ка ташрифи вақтида лагернинг 60 йиллиги бўйича ҳужжатли фильм суратга олинаётган бўлган. Унда Саманта «Доимо қуёш порласин» қўшиғини инглиз тилида куйлаётгани тасвирланган кадрлар ҳозирга қадар сақланиб қолган. Кетар вақти Саманта «бошқа мамлакатдан бўлган дўстларимни соғинаман. Биз кейинчалик ҳам дўст бўлиб қоламиз. Дўстларимиз ҳам ўзаро дўстлашсин. Қачондир яна бу ерга қайтишга умид қиламан. Мен сени яхши кўраман ‘Артек’, дея хайрлашган.

«Артек» иттифоқ пионерлар лагери, Қрим, 1983 йил

Фото: Спутник

«Артек»дан қайтган Саманта Москвада биринчи аёл космонавт Валентина Терешкова билан учрашган. Бундан ташқари, у АҚШнинг СССРдаги элчиси Артур Хартманникида меҳмон бўлган, «Катта театр», Москва цирки, ўйинчоқлар музейига ташриф буюрган. Андропов эса бандлиги сабаб Саманта билан учрашишга вақт топа олмаган, бироқ унга ташриф қоғозини ва эсдалик учун кўплаб ўйинчоқларни бериб юборган. Айниқса, Самантага унинг саёҳатига бағишланган фотоальбом ёқиб тушган. Бунга жавобан у Андроповга Марк Твеннинг нутқлари ёзилган китобни совға қилган.

Биринчи аёл космонавт Валентина Терешкова ва Смитлар оиласи

Фото: «ТАСС»

АҚШга қайтиш

22 июль куни Саманта Манчестерга — уйига қайтган, уни лимузинда, атиргуллар дастаси ва қизил йўлакчада кутиб олишган. Жавоб ташрифи сифатида 1986 йилда совет ўқувчиси Катя Личёва АҚШга келган. Аммо у вақтда Саманта ёруғ оламда йўқ эди.

СССРдан қайтгач Самантани телевидениега, сериалларга тез-тез таклиф қила бошлашган. Бу вақт оралиғида Самантага Роберт Бардо исмли енгилтабиат йигит қизиқиш билдирган. У қизга хат ёзган ва афтидан жавоб олган шекилли, уни қидириб йўлга тушган. Полиция уни Мен штатида пайқаб қолган ва қўлга олиб, Аризонадаги уйига қайтариб юборган. Бир неча йилдан кейин айнан Бардо актриса Ребекка Шефферни таъқиб этиб, уни ўлдирган.

Саманта ўзининг миссияси — болалар ўртасида тинчлик ва дўстликни тарғиб қилиш дея ҳисоблаган, унга дунёнинг турли нуқталаридан, айниқса, Совет Иттифоқидан болалар мактуб йўллаб турган.

Самантанинг ўлими

Саманта Смит 1985 йилнинг 25 августида авиаҳалокатга учради. Ўша куни Саманта отаси билан Роберт Вагнернинг «Лайм кўчаси» сериалининг суратга олиш ишларидан, Буюк Британиядан қайтаётган бўлган. Жейн Смит эри ва қизини Огаста шаҳри аэропортида кутаётган эди. Бироқ Саманта ва унинг отаси ўтирган самолёт Огаста жануби-ғарбидаги Оберн-Льюистон муниципал аэропортига йўл олган. Авиакомпания вакилининг сўзларига кўра, ушбу аэропортда тўхтаб ўтишни икки йўловчи сўраган. Парвоз ноқулай об-ҳаво шароитида амалга оширилган ва кўришнинг ёмонлиги сабаб икки моторли Beechcraft Модель 99’нинг учувчиси қўниш вақтида учиш-қўниш йўлагида хатоликка йўл қўйган.

Самолёт қулаб тушган — 6 нафар йўловчи ва икки учувчидан ҳеч ким омон қолмаган. Авиаҳалокат СССРда Самантанинг ўлими тасодифан бўлмагани тўғрисида версияларни юзага келтирган, бироқ Транспортда хавфсизлик бўйича АҚШ Миллий кенгашининг терговида ҳалокат учувчининг айби сабаб юзага келгани кўрсатилган. У самолётни қўниш глиссадасидан пастроққа туширган ва иккинчи айланишга кирмаган. Шу билан бирга, вазиятни ердаги радар ишидаги узилишлар чигаллаштириб юборган.

Саманта Смит ва унинг отасини дафн маросимига мингга яқин одам, жумладан, Роберт Вагнер ва совет элчихонаси вакили Владимир Кулагин келиб, Михаил Горбачёвнинг таъзияномасини ўқиб берган.

Жамоатчилик ташкилотлари

1985 йилнинг октябрида Жейн Смит АҚШ ва СССР ўртасида мактаб ўқувчиларини алмашиш ва ушбу мамлакатлар орасида ўзаро англашувнинг ривожланишига хизмат қилган Саманта Смит фондига асос солган. 1986 йилнинг ёзида Мен штатида болалар учун тинчлик лагери ташкиллаштирилган, 20 нафар совет ўқувчилари уч ҳафта давомида 150 нафар америкалик тенгдошлари билан вақт ўтказиши мумкин бўлган. Шунингдек, америкалик ўқувчилар СССРдаги болалар лагерларига, хусусан, «Артек»ка ташриф буюриш имкониятига эга бўлган. 1986 йилнинг ёзида у ерга Самантанинг 20 нафар синфдоши келган. 1995 йилда фонд сафарларни ташкиллаштиришни тўхтатган, 2014 йилда эса бутунлай ёпилган.

Москва дарёси бўйлаб теплоходда сайр қилган америкалик ўқувчи Саманта Смит, 1983 йил

Фото: «ТАСС»

1989 йили Москвада Саманта Смит номидаги Болалар дипломатияси марказига асос солинган. Совет даврида марказ халқ дипломатияси билан шуғулланган, СССР тарқалгач эса болаларнинг хорижда ўқишини ташкиллаштириш ва уларни хориж билим юртларига киришига тайёрлаш билан шуғулланган. 1991 йилнинг 19 августида марказ шафелигида 6—16 ёшли болалар учун «Саманта» мактаби таъсис этилган ва ўша йилнинг 1 октябридан ўз эшикларини очган. Мактабнинг миссияси таълим ва дипломатик характерга эга эди.