Наманган вилоятида ижтимоий тармоқ орқали террорчилар таъсирига тушиб қолиб, уларга тегишли материалларни тарқатган шахс ушланди, дея хабар қилмоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ҳамда Наманган вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-техник тадбирлар олиб борилган. Тадбир давомида «Одноклассники» ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчи «Имом ал-Бухорий катибаси» номли халқаро террорчилик гуруҳи фаолиятини қўллаб-қувватловчи ғоялар қайд этилган видеоматериалларни ўз саҳифасига жойлаштиргани аниқланди.

Олинган маълумотни текшириш учун ўтказилган тезкор-техник тадбирлар давомида «Одноклассники» ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Наманган вилоятида яшовчи 24 ёшли фуқаро И.А. экани аниқланди ва тезкор тадбирлар натижасида қўлга олинди.

Аниқланган ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро И.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.