Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида вояга етмаган қизнинг номусига тегилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 16 ёшли қизнинг номусига тегилгани юзасидан Термиз шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан қўшимча текширув ҳаракатлари ўтказилган. Мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва ҳақиқатни аниқлаш мақсадида 2021 йил 11 апрель куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (шахснинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда номусга тегиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳолат бўйича судга оид қайта комиссион тиббиёт экспертизаси тайинланган бўлиб, тўпланган ҳужжатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.

Ҳозирда Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, термизлик эркак 2020 йилнинг январь ва февраль ойида мактаб ўқувчисини икки марта зўрлагани ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бу ишни «тинчитиб» юборгани ҳақида хабар берилган эди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан Термиз шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими қарийб 14 ойдан буён қонуний чоралар кўрилмаганини таъкидлаганди.

Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти кўрсатмасига биноан масъул ходимларга нисбатан хизмат текширув тайинланган.

Ҳолат юзасидан Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева муносабат билдириб, жиноятчини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаганидек, Термиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини ҳам умуман оқлаб бўлмаслигини айтганди. Шунингдек, ИИВ бу ҳолат юзасидан суриштирув-тергов ишларини ўтказишига ва Термиз ИИБ ходимлари жиноятни яширгани учун қонун олдида жавоб беришга умид қилишини таъкидлаган.