Кўпчилик қўшни Қозоғистондаги Бойқўнғир космодроми ҳақида эшитган. Коинотга парвоз қилган биринчи фазогир Юрий Гагарин ҳам, орбитада бўлиб қайтган кучуклар Белка ва Стрелка ҳам, энг биринчи сунъий йўлдош Спутник-1 ҳам айнан Бойқўнғирдан парвозга чиққан. Сайёрамиздаги энг биринчи ва энг фаол космодром бўлмиш Бойқўнғир полигонига асос солинганига 65 йил тўлди. «Дарё» ушбу муҳим объект ҳақидаги қизиқарли фактлар ҳақида маълумот беради.

Фото: Google Photos

50–60 йиллар совуқ уруш «қизиган» вақт бўлиб, сиёсий қутблар нафақат ядровий пойгада, балки космик пойгада ҳам кимўзарга баҳслашишни бошлаб юборган эди. Лекин, қизиғи шундаки, энг аввалбошда Бойқўнғир коинотга парвозларни амалга ошириладиган космодром сифатида эмас, балки қитъалараро баллистик ракеталарни, хусусан, водород бомбасини элтувчи ракеталарни учириш мақсадида режалаштирилган. Шу мақсадда бу объект ўта махфий тарзда қурила бошланган ва ҳатто унинг жойлашган асл номи ҳам, разведкани чалғитиш мақсадида бўлса керак, атайлаб ўзгартирилган.

Гап шундаки, ҳозирги Бойқўнғир космодроми жойлашган Қизилўрда вилоятидаги ҳудуднинг номи асл Тўратом бўлган. Бойқўнғир эса мутлақо бошқа жойда – Қарағанда вилоятида жойлашган қишлоқ номи бўлиб, Қарағандадаги ўша Бойқўнғир қишлоғи яқинида ҳам муҳандислар космодромга ўхшаш иншоотлар қура бошлашган ва гўёки жосусларда ҳақиқий объект шу жойда деган тасаввур уйғотишга интилишган.

Ҳақиқий космодром эса бир неча шартларга мувофиқ танланган жойда – чучук сувли серсув дарё яқинида, нисбатан кам аҳоли яшайдиган ва яйдоқ дала текислик ҳудудида ҳамда ракета ва унинг йирик габаритли қисмларини элтиш имконини берадиган темир йўлларга яқин жойда жойлашган бўлиши керак эди. Бу шартларга тўғри келадиган жойлар СССР ҳудудида бир нечта бўлиб, муҳандислар Доғистон, Марий Эл, Астрахан ва Қизилўрда вилояти ҳудудларини кўриб чиққан.

Тўратом ушбу шартларга энг мос жой бўлган: у Тошкент—Москва темир йўли устида бўлиб, Сирдарё ва Орол денгизи ҳавзасидан унча олис бўлмаган жойда, очиқ кенгликлар бағрида жойлашган эди. Боз устига, бу ҳудуднинг СССРдаги бошқа минтақаларга нисбатан экваторга яқинроқлиги туфайли учириладиган ракеталарга қўшимча чизиқли тезлик бериши энг катта афзаллик бўлган (бу вақт ва ёқилғини тежашда улкан аҳамиятга эга). Ҳаммасидан ҳам Тўратом ҳудудида йилига тахминан 300 кун очиқ ҳаво кузатилади ва бу мазкур полигонда об-ҳаво инжиқликларисиз, парвозларни тез-тез амалга ошириш имконини беради.

Фото: Google Photos

Юқоридаги сингари барча омилларни инобатга олиб, 1955 йил 12 февралда айнан шу жойда космодром қуриш ҳақида ҳукумат қарори қабул қилинган. Шу туфайли Бойқўнғирга асос солинган сана бўйича баҳслар ҳануз давом этади. Лекин барча расмий манбаларда космодром тамал тоши айнан 2 июнда қўйилгани қайд этилади. Ўша йилнинг 20 июлида космодромнинг биринчи старт майдончаси қурилиши бошланган ва у ердан илк қитъалараро баллистик ракета 1957 йилнинг 15 майида учирилган. Биринчи синов муваффақиятсиз чиққан. Кейинчалик, 21 август куни ҳарбийлар иккинчи уринишда, қитъалараро баллистик ракетани Бойқўнғирдан учириб, у орқали Камчаткага муваффақиятли равишда ўқ-дори етказишга эришган.

Ўша йилнинг 4 октябрида эса ушбу космодром инсоният тарихидаги энг биринчи сунъий йўлдош – Спутник-1’ни орбитага кузатиб қўйган. Ушбу старт ўта муваффақиятли чиққанидан барча мутахассисларни руҳлантириб юборгани аниқ. Бу пайтларда объект номи ҳамон махфийлик важидан турли чалкашликлар билан, хусусан, «Заря», «Ленинск» каби талқинларда ишлатилар эди. Ҳатто бир муддат объект номи «Тошкент-50» ҳам бўлган! Юқорида айтганимиздек, бу энг биринчи навбатда АҚШ разведкасини чалғитиш мақсадида қилинган ҳийла бўлган.

Бироқ манбаларда қайд этилишича, советлар қанчалик уринишмасин, АҚШнинг Lockhead U2 разведкачи самолёти 1957 йилдаёқ космодромнинг ҳақиқий жойлашувини аниқлаган ва у ҳеч қанақасига Қарағандадаги Бойқўнғир эмас, балки Қизилўрдадаги Тўратом эканини доклад қилган. Шу туфайли ҳатто 90 йилларгача ҳам бўлган АҚШ ҳужжатларида ушбу космодром Tyuratam Missile and Space Complex, қисқача ТТМТR тарзида қайд этилган. Космодромга расмий Бойқўнғир номи берилиши эса фақат 1961 йилда Юрий Гагарин парвозидан кейин содир бўлган.

Ҳозирда Бойқўнғир жаҳондаги энг илғор космик старт майдончасидан бири саналади. Ўша илк космик парвоз амалга оширилган 1957 йилдан буён бу жойдан орбитага 1 500 дан ортиқ турли космик кемалар стартга чиққан. Дунё бўйича фақат АҚШнинг Канаверал бурни Бойқўнғирдан кўра кўпроқ ракета учирган холос. Бойқўнғирдан энг кўп старт 1987 йилда амалга оширилган. Ўшанда, 48 та сунъий йўлдош парвозга чиқарилган.

Ҳозирда Бойқўнғир – таъбир жоиз бўлса, ўзига хос Халқаро космопортга айланган. Ҳар йили бу космодромдан бир неча марта космик стартлар амалга оширилади. Ҳозирда мазкур космодромда 15 та старт майдончаси мавжуд бўлиб, 9 турдаги ракеталарни учириш мумкин. Россияга қарашли «Союз» учувчили космик кемалари ва «Прогресс» юк кемалари ҳам айнан Бойқўнғирдан парвоз қилади. Ҳудуд ва инфраструктура Қозоғистон ва Россия ўртасидаги келишувларга кўра, ижара шартномаси асосида Россия тарафидан тасарруф қилинади ва сўнгги келишувларда ижара муддати 2050 йилгача белгиланган.

Музаффар Қосимов тайёрлади.