Пекин ҳукумати Хитойда эпидемиологик вазият яхшиланиши билан коронавирус сабаб ёпилган туристик объектларни аста-секин очишни бошлади, деб ёзмоқда «РИА Новости». Хусусан, 23 март, душанба кунидан бошлаб Буюк Хитой деворига кириш очилган, шаҳар ҳайвонот боғи иши тикланган.

Фото: Global Look Press

24 мартдан бошлаб ҳар куни соат 09:00 дан 16:00 гача шаҳар ҳукумати Буюк Хитой деворининг «Бадалин» номли қисмини ташриф учун очган, қолган қисмлар эса, шу жумладан, дор йўли ёпиқлигича қолмоқда.

Одамлар кўпайиб кетишининг олдини олиш мақсадида бу ерга кунига 19,5 мингдан ортиқ одам ўтказишга йўл қўйилмайди. Чипталар онлайн харид қилиниши лозим.

Шаҳар ҳайвонот боғи ҳам ишини давом эттиришни бошлаган. Аҳолига очиқ павильонларга ташриф буюришга рухсат берилади. Ичкаридаги ёпиқ павильонларга эса кириш ёпиқлигича қолган. Унга ҳам чипталарни ташриф буюришдан бир кун олдин онлайн тарзда сотиб олиш керак.

Эслатиб ўтамиз, Пекиндаги барча туристик объектлар, музейлар коронавирус тарқалиши сабабли январь ойидан буён ёпилган эди.  Айни пайтда Хитойда коронавирус билан касалланганларнинг 90 фоиздан ортиғи соғайиб кетди.