Малайзиянинг Aquila Emas Sdn Bhd медиа компанияси вакиллари ўзларининг Ўзбекистонга амалга оширган 10 кунлик ташрифи якунларига кўра ўзбекистонлик шериклари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кинематографчилар делегациясининг мамлакатга ташрифини ташкиллаштирган Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси берган маълумотга кўра фильмларни тасвирга олиш ишлари 2019 йилнинг бошига белгиланган.
Бўлиб ўтган ташриф чоғида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, «Ўзбекфильм» АЖ, бошқа тузилмалар, шунингдек Хоразм ва Бухоро вилояти ҳокимиятлари, жумладан мазкур вилоятларнинг етакчи маҳаллий телеканаллари раҳбариятлари билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар давомида биргаликда бадиий фильм тасвирга олиш тўғрисида келишувга эришилди. Суратга олиш ишлари Хоразм ва Бухоро вилоятларининг манфтункор чўл ва тоғ манзаралари, қадимий шаҳарлари ва такрорланмас меъморчилик обидаларида олиб борилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси тўғрисида 6 серияли туристик телевизион дастурни яратиш ҳам режалаштирилган.
Бадиий фильм ва туристик телесериал Малайзиянинг етакчи телеканалларидан бири ТВ2 да прайм-тайм вақтида эфирга узатилади. 10 миллион кишидан ортиқ аудиторияга эга ушбу канални нафақат Малайзия, балки Сингапур ва Бруней ҳудудида ҳам томоша қилади.
Изоҳ (0)