Исландиялик рассом бошчилигидаги хор қатнашчилари китлар товушларини эслатувчи куй ижро қилди, деб ёзмоқда National Geographic.
Китлар учун товушлар мулоқот қилишнинг энг муҳим воситаси ҳисобланади. Негаки уларнинг сувда кўриш ва ҳид сезиш қобилиятлари яхши ривожланмаган. Шунинг учун, китлар махсус товушлардан иборат тизимни ўйлаб топган. Бу тизим такрорланувчи хушоҳанг сигналлардан иборат. Китлар асосан никоҳ мавсумида куйлайди.
Китларнинг товуш аппарати қандай ишлаши тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ шуниси аниқки, уларнинг товуш аппарати қуруқликда яшовчи ҳайвонларникидан бутунлай фарқ қилади.
Нафақат мўйловли, балки тишли китлар, жумладан, делфинлар ҳам товуш чиқаради. Одамларнинг куйлаш механизми китларникидан фарқ қилади, шунга қарамасдан, одамлар китларнинг товушларини ўхшатиб беришга уриниб кўрди. Ғоя муаллифи, исландиялик рассом Марина Риснинг сўзларига қараганда, лойиҳанинг мақсади ўзини бутунлай бошқа турдаги жонзот сифатида ҳис қилиб кўришдан иборат.
Риснинг кўплаб арт-лойиҳалари экология мавзусига бағишланган. Жумладан, Буюк Британияда яқинда иш бошлайдиган кўргазма ташриф буюрувчиларни Атлантикада яшовчи китлар ҳаёти билан таништиради.
Кўргазмага тайёргарлик кўраётган Мария китларнинг куйларини хор билан репетиция қилмоқда. Ҳар бир қатнашчи ўзининг овоз тембридан келиб чиққан ҳолда денгиз ҳайвонларининг куйини такрорлашга ҳаракат қилган.
Изоҳ (0)