Кучли дўл ёғиши оқибатида Сан-Антониодан (Техас) Финиксга (Аризона) парвоз қилган American Airlines авиакомпаниясига тегишли самолётнинг олд ойнаси ва тумшуқ қисмига шикаст етди, деб хабар беради Forum Daily.
Фавқулодда ҳолат сабабли экипаж командири самолётни Эль-Пасога қўндириш бўйича қарор қабул қилган.
Бортида 130 киши бўлган самолёт Сан-Антониодан ҳавога кўтарилганидан 2 соат ўтиб кучли дўлга дуч келган. Самолёт дўл ва бўрон домида 13 дақиқа қолиб кетган.
Олд ойнага етган шикаст натижасида кўриш қобилияти умуман йўқолиб қолган. Шунга қарамай учувчилар самолётни ерга қўндиришга муваффақ бўлган.
«Бу умрим давомида энг қўрқинчли авиапарвоз бўлди», — дейди йўловчилардан бири.
Мазкур ҳодиса оқибатида йўловчиларнинг ҳеч бирига жароҳат етмаган ва улар бошқа самолётда белгиланган манзилларига етиб олган.