Бишкекнинг 2050 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси пойтахт Бишкек шаҳрининг 2050 йилгача бўлган давр учун бош режасини тасдиқлади. Бу ҳақда “Акипресс” хабар берди.
Тегишли қарор 2026 йил 25 апрелда 283-сон билан қабул қилинди. Ҳужжатни Вазирлар Маҳкамаси раиси Адибек Касималиев имзолади. Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида қонуний кучга киради.
Бош режада нималар белгиланган?
Тасдиқланган ҳужжатга кўра, қуйидаги тартиблар ўрнатилди:
1. Асосий ҳужжат. Бош режа Бишкек шаҳрининг ҳудудий режалаштириш бўйича асосий ҳужжати ҳисобланади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва тармоқ схемаларини ишлаб чиқишда ушбу режа ҳисобга олиниши шарт. Шунингдек, ер участкаларидан фойдаланиш бўйича қарорлар ҳам унга мувофиқ қабул қилинади.
2. Махсус ҳудудлар. Функсионал зоналари белгиланмаган ҳудудлар учун ерлардан фойдаланиш турлари Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан белгиланади.
3. Ўзгартириш киритиш. Бош режага ўзгартиришлар фақат Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан амалга оширилади.
4. Истисно ҳолат. Бош режа қоидалари “ер амнистияси” объектларига нисбатан қўлланилмайди.
5. Эски лойиҳалар. Ушбу қарор кучга киргунга қадар ишлаб чиқилган, лекин амалга оширилмаган барча шаҳарсозлик ҳужжатлари Бош режага мувофиқ ҳолатга келтирилиши керак. Фақат белгиланган тартибда қурилиш учун архитектура шартлари ва талаблари кўрсатилган хулоса олган объектлар бундан мустасно.
Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган янги транспорт коридори барпо этилади
Қирғизистон ҳукумати Жалолобод вилоятининг Чотқол туманини Ўзбекистон билан боғлайдиган халқаро автомобил йўли коридорини яратишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа икки қўшни давлат ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Одилбек Қосималиев туризм лойиҳаларини амалга ошириш масаласида йиғилиш ўтказди. Унда Жалолобод вилоятидаги “Чотқол резорт” лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар кўзда тутилган:
- давлат-хусусий шериклик асосида замонавий тоғ курорти барпо этиш;
- инвесторлар ва ихтисослашган компанияларни жалб қилиш;
- янги иш ўринларини яратиш ва минтақани ривожлантириш;
- хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш.
Йирик лойиҳани 2026–2034 йиллар оралиғида якунлаш режалаштирилган.