Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатга амалий ташриф билан келган Россия молия вазири Антон Силуановни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар, эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга оширилаётгани мамлакатлар ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, кўп қиррали, шу жумладан, молиявий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда икки мамлакат молия вазирликлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида яқин ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.
Учрашувда молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, бюджетни режалаштириш, маҳаллий бюджетлар мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат бўйича самарали механизмларни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Россия молия вазири давлат раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путин ва ҳукумати раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Антон Силуанов Россия молиявий соҳадаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, бу борадаги шерикликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)