Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси январь ойида 1,8 миллиард доллар, шу жумладан экспорт 0,7 миллиард доллар, импорт 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Ташқи савдо сальдоси минус 433,9 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Мамлакат экспортининг 34,1 фоизини хизматлар, 24,2 фоизини энергия ташувчи ва нефть маҳсулотлари, 8,2 фоизини кимё маҳсулотлари ва 7,2 фоизини озиқ-овқат товарлари, 4,8 фоизини қора ва рангли металлар, 3,7 фоизини машина ва қурилмалар, 1,1 фоизини пахта толаси ташкил этди.
Машиналар ва қурилмаларнинг экспорти ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 3 марта ошди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми буғдой экспортининг 6,8 марта, мева-сабзавотлар экспортининг 28,8 фоизга ошиши ҳисобига 40,8 фоизга ўсди.
Энергия ташувчи ва нефть маҳсулотларининг экспорт ҳажмининг ўсиши (2,3 марта) табиий газ экспортининг 3,3 баробар ошиши ҳисобига кузатилмоқда.
Импортнинг асосий улуши машина ва қурилмалар — 35,4 фоиз, озиқ-овқат товарлари — 13,8 фоиз, қора ва рангли металлар — 11,3 фоиз, энергия ташувчи ва нефть маҳсулотлари — 7,6 фоиз ва хизматлар — 6,4 фоизни ташкил этди.
МДҲ мамлакатларидан асосий ташқи савдо ҳамкорлари Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Тожикистон ва Қирғизистон бўлиб, ташқи савдо айланмасининг 41,4 фоизи уларнинг улушига тўғри келади. Бошқа ҳамкор мамлакатлар — Хитой, Корея Республикаси, Туркия, Германия, Афғонистон, Латвия, Литва, Ҳиндистон, Эрон улушига ташқи савдо айланмасининг 41 фоизи тўғри келади.
Изоҳ (0)