Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрининг тарихий марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонлар кўҳна Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси таркибига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди. 10 минг кишига мўлжалланган Масжиди Калон тарихи, бинонинг меъморий улуғворлиги, ибодатчилар учун яратилган қулайликлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Афғонистон делегацияси аъзолари Когон тумани ҳудудида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлиб, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шу билан Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.
Изоҳ (0)