Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Москвада Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев билан учрашди. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда.
Россия ички ишлар вазири ўзбекистонлик ҳамкасбини лавозимга тайинланиши билан табриклади. Россия ва Ўзбекистон ички ишлар идоралари ўртасидаги алоқалар изчиллик билан ривожланиб бораётганини қайд этди.
Шу билан бирга, Владимир Колокольцев амалдаги қўшма гуруҳлар форматида миграция йўналишидаги ишларни фаоллаштириш зарурлиги, бугунги кунда миграция масалалари экстремизм ва терроризм билан салмоқли даражада боғлиқ эканлигини таъкидлади.
Учрашувда Россия ИИВнинг ўзбек мутахассисларини олий таълим дастурлари ва жиноятчиликка қарши курашнинг асосий йўналишлари бўйича курсларда ўқитишни давом эттиришга тайёр эканлиги билдирилди.