«Электрон минбар» нашри Малайзиянинг Малакка шаҳридаги сув устига қурилган масжид ҳақида ҳикоя қилди.
Малаккада масжидлар кўп, аммо индо-мусулмон меъморчилигини ўзида мужассамлаштирган, ноодатий масжидлар ичида шаҳарнинг ҳақиқий тимсоли — Салот масжиди ёки Малакка бўғози масжидини қайд этиш керак, дейилади хабарда. У қитъа билан 30 метрли кўприк ёрдамида боғланган Пулау Мелака сунъий ороли қирғоғида жойлашган.
Масжид денгиз қаърига қоқилган қозиқларга таяниб туради. Унга кириш учун эса кичик кўприкдан ўтиш керак.
Масжид тўрт йил давомида қурилган ва 2006 йилнинг ноябрида очилган.
Масжиднинг 30 метрли минораси алоҳида турибди, у ўзининг асосий вазифасидан ташқари, маёқ вазифасини ҳам ўтайди. Масжид ичида, шунингдек, таълим маркази ва кутубхона ҳам бор.
Изоҳ (0)