1. Припять, Украина
Техноген фожиа Припятни ўлик шаҳарга айлантирди. 1986 йилдаги Чернобиль АЭС авариясидан сўнг аҳоли бу ердан эвакуация қилинди. Бир неча йил давомида ҳудуд дезактивация қилинди. Айни пайтда бу ерда радиация даражаси анча пасайган. Аммо шаҳар ҳали ҳам ҳаётга қайтмади. Припять атом фожиасининг не қадар хавфли эканлигини намойиш этувчи ўзига хос рамзга айланиб қолди. Шунга қарамай, бу ерга экскурсиялар келишда давом этмоқда.2. Хиросима ва Нагасаки, Япония
Иккинчи жаҳон урушининг якунида АҚШ Япониянинг тилга олинган шаҳарлари устига иккита атом бомбаси ташлади. Бунинг оқибатида шаҳарлар 80 фоизга вайрон бўлди. 450 минг киши ҳалок бўлди. Кимлардир портлаш пайтида ҳалок бўлган бўлса, кимлардир нурланиб, азобли ўлим топди.
1960-йилларда японлар шаҳарларни қайта тиклади. Ортиқ бу ерда ҳаёт илгаригидай давом этмоқда.3. Фукусима, Япония
2011 йил 11 мартида Японияда яна бир фожиа рўй берди: кучли зилзила шиддатли цунамини келтириб чиқарди. Бунинг оқибатида Фукусима-1 АЭСда йирик радиацион авария юз берди. Фукусима атрофида 20 километрли четланиш зонаси ташкил этилди, минглаб одамлар яқин атрофдаги шаҳарларни тарк этди. Зарарланган ҳудудни дезактивация қилиш жараёни давом этмоқда, аммо одамлар бу ерга қайтишига ҳали анча бор.4. Помпеи, Италия
79 йилнинг 24 август куни Везувий вулқонининг отилиши оқибатида Рим империясининг йирик шаҳарларидан бири — Помпеи, шунингдек, унинг яқинида жойлашган кичикроқ Геркуланум ва Стабии шаҳарлари қайноқ магма остида қолиб кетди. Ўша пайти Помпеида истиқомат қиладиган 20 минг кишидан 2 минг нафари ҳалок бўлди. Археологлар узоқ йиллар давомида шаҳар вайроналарида қазишма ишларини олиб борди ва вулқон ташламалари остида аслидай сақланиб қолган шаҳарни очишга эришди.5. Катания, Италия
Италиянинг бу шаҳри ҳам кўплаб фожиаларни бошидан кечирган. 1169 йили шаҳар зилзила оқибатида вайрон бўлди. 1347 йили ўлат деярли барча аҳолининг қирилиб кетишига сабаб бўлди. 1669 йили Этна вулқонининг отилиши оқибатида шаҳар яна харобага айланди, 1693 йили эса яна бир йирик зилзила рўй берди. Аммо одамлар уйларини тарк этмади ва шаҳарни секин-аста тиклади.6. Хамберстон ва Санта-Лаура, Чили
Юқоридагилардан фарқли равишда, шаҳар табиий ёки техноген фожиа оқибатида эмас, инқироз туфайли тарк этилди. Бир вақтлар тилга олинган шаҳарлар улкан иқтисодий ўсишга эришиб, гуллаб-яшнаётган эди. Бу ерда селитра ишлаб чиқарилар, қўшни мамлакатлардан ишчилар Хамберстон ва Санта-Лаурага ошиқар эди. Аммо Буюк тушкунлик йилларида аммиак синтези ривожланиши туфайли бу ердаги корхоналар хонавайрон бўлди. Одамлар шаҳарларни тарк этди, ва бу ерда ҳаёт тўхтади. 2005 йили бу икки кимсасиз ер очиқ осмон остидаги музейга айланди — улар ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилди.7. Детройт, АҚШ
Инқироз АҚШ шаҳарларини ҳам четлаб ўтмади. Ҳали ярим аср муқаддам Детройт мамлакатнинг энг бой шаҳарларидан бири эди. Аммо автомобилсозлик саноатидаги тушкунлик Детройтнинг ҳалокатига олиб келди. Корхоналар ёпилди, одамлар иш қидириб бошқа жойларга кетди. Ҳозир Детройт бўм-бўш шаҳарга айланиб қолган. Бу ерда АҚШ бўйича таълимнинг энг паст, жиноятчиликнинг энг юқори кўрсаткичи қайд қилинган.8. Хасима, Япония
Япониянинг бу ороли фойдали қазилмаларни назоратсиз олиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яққол намойиш этади. XIX аср бошида Хасима қояларида кўмир аниқланди. Ишчилар келиб, жойлаша бошлагач, кимсасиз жой чинакам сунъий оролга айланди. Аҳоли сони 5 минг кишига етди. Аммо кўмир тугагач, аҳоли Хасимани тарк этди. 1970 йилларда орол арвоҳ-шаҳарга айланди.9. Сентрейлия, АҚШ
Бир вақтлар бу ер 2 минг киши яшайдиган кончилар шаҳарчаси бўлиб, ўзига яраша ривожланаётган, ҳатто гуллаб-яшнаётган эди. 1962 йили чиқиндилар ёқилиши пайтида ахлатхонада ер ости ёнғини бошланиб кетди. Ёнғинни ҳалигача ўчира олишмади. Кончилар шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди. Silent Hill хоррор фильмлари ва компьютер ўйинлари айнан шу шаҳар тарихи асосига қурилган.10. Лондон, Буюк Британия
1666 йили Лондонда кучли ёнғин рўй берди. 2–5 сентябрь орасида 70–80 минг киши бошпанасиз қолди, 87 черков, 13500 уй ёниб кетди.11. Галифакс, Канада
1917 йил 6 декабрида Галифакс шаҳри бандаргоҳида кучли портлаш амалга оширилди. Бу ядрогача бўлган даврда инсон томонидан уюштирилган энг қудратли портлаш ҳисобланади. Фожиа портловчи модда ортилган «Монблан» ҳарбий кемасининг Норвегияга қарашли «Имо» кемаси билан тўқнашуви оқибатида юз берди. Шаҳарнинг бир қисми ер билан бир бўлди, 2 минг киши жойида ҳалок бўлди, 9 минг киши яраланди, уларнинг 400 нафари кўриш қобилиятидан маҳрум бўлди. У пайти шаҳардаги 3 мактабда 500 бола ўқир эди. Улардан фақат 11 нафари тирик қолди.
Изоҳ (0)