Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2016 йилда 87 фоиз фуқаролик ишларини (446 тадан 390 тасини) қуйи судларга қайтадан кўриб чиқиш учун юборган. Олий суд томонидан 13 фоиз ишгагина якуний қарор қабул қилинган, деб хабар берди «Газета.uz».
Тошкентда бўлиб ўтган судларнинг Ўзбекистон халқига мурожаати йиғилишида суд тизимидаги бюрократия ва бош-бошдоқчиликни кўриб чиқиш асосий масалалардан бири бўлди.
Жорий йилнинг июнида Олий суд 24 та фуқаролик иши бўйича якуний қарор қабул қилган. Жинойий ишлари бўйича берилган норозилик ишларини қайта кўриб чиқиш орқали 4 нафар шахсда жиноят аломатлари топилмаганлиги сабаб оқланган, 2 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, 17 нафар шахснинг жазо муддати қисқартирилган.
Йиғилишда таъкидланишича, фуқаролар томонидан халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонасига юборилган шикоятларнинг аксарияти суд ва судьялар фаолиятига тегишли. Ҳар куни Олий судга 250 дан ортиқ мурожаат келиб тушади.
Вилоят ва туман судларининг ўз ишига бўлган масъулиятсизлиги, ҳатто келиб тушган шикоятнинг мазмуни билан ҳам тўлиқ танишмасликлари танқид қилинди. Вилоят судларининг вакиллари ҳафтасига уч куни туманларда бўлиб, суд ишининг жойларда қандай кетаётганини ўрганиши керак эканлиги таъкидланди.
Йиғилишда мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун энг аввало Олий суднинг янги таркиби намойиш қилиниши лозим эканлиги, қонун доирасида қабул қилинган қарорлар ҳеч қачон бекор қилинмаслиги қўшимча қилинди.