2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани 30 дақиқада олишга имкон берувчи бизнесни давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган ноёб миллий тизими ишга туширилди. Янги тизим ишга туширилганидан бошлаб бир ой мобайнида унинг ёрдамида 21 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, шундан 7,5 фоизи бу ишни онлайн тарзда амалга оширган. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Дарё»га маълум қилди.
Реал вақт режимида бизнесни рўйхатдан ўтказиш механизмининг жорий этилиши давлат хизмати кўрсатилишининг эркинлиги, ошкоралиги ва сифатини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистон Бизнес форуми (III босқич)» лойиҳаси кўмагида республикада биринчи маротаба тўла-тўкис транзакцияланган давлат хизмати жорий қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Янги тартиб фаолияти ўлароқ тартиботлар сони сезиларли даражада қисқартирилди, вақт ва молиявий сарфлар камайтирилди.
Бугунги кунда юридик шахсни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони 6 тадан амалда 1 тагача қисқартирилди, яъни фақат ариза талаб қилинади ва унда кўрсатилган маълумотлардан таъсис ҳужжатлари генерация қилинади (топшириш-қабул қилиш далолатномаси ва тақсимлаш баланси тақдим этилиши лозим бўлган қўшиб юбориш, бирлаштириш, ажратиб чиқариш ҳамда бўлиш ҳолатлари бундан мустасно). Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 7 тадан 1 тагача қисқартирилди, яъни фақатгин ариза тақдим этиш лозим бўлади.
Бундан ташқари, бизнесни Интернет орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш шахсан келган ҳолда рўйхатдан ўтказишга нисбатан бир қатор устунликларга эга.
- Биринчидан, рўйхатдан ўтказувчи органга қоғоз кўринишидаги ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати йўқолади, натижада аризачиларни рўйхатдан ўтказувчи органга, шунингдек рўйхатдан ўтказишга давлат божини тўлаш учун банк кассасига шахсан ташриф буюриш заруриятидан халос этади, бу эса аризачиларнинг билвосита сарф-харажатларини камайтиради.
- Иккинчидан, ҳужжатлар Интернет орқали онлайн топширилганда бизнесни рўйхатдан ўтказиш, шу жумладан қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божлари ставкалари шахсан ташриф буюрган ҳолатга нисбатан икки баробар кам қилиб белгиланган.
- Учинчидан, бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва топширишни аризачи учун қулай бўлган исталган вақтда бошлаш, тўхтатиб туриш ёки қайтадан бошлаш мумкин бўлади.
Бизнесни онлайн рўйхатдан ўтказиш тизимидан нисбатан кам фойдаланилаётганлигининг сабабларидан бири электрон рақамли имзо (ЭРИ) воитаси ёрдамида Интерактив давлат хизматлари ягона порталида бир марталик идентификациялаш ва аутентификациялаш зарурлиги бўлиб ҳисобланади. Аутентификациялаш келгусида бошқа хизматлардан фойдаланишга имкон беради, лекин бунинг учун ЭРИ олиш учун солиқ инспекциясига мурожаат қилиш зарур бўлади. Шу сабабли, лойиҳа экспертлари фикрига кўра Ўзбекистон фуқаролик паспорти билан бир вақтда берилиши таклиф этилаётган шахсни идентификациялаш картасини (ID-карта) муомалага киритиш зарур. ИД-карталар Интернет орқали исталган давлат хизматини олиш ва масофадан фойдаланиш, аризалар ҳамда ҳужжатларни реал вақт режимида имзолашга имкон беради.
Бизнесни рўйхатдан ўтказишга доир онлайн хизматни аҳоли орасида нисбатан глобал миқёсда оммалаштириш учун аризачилар компьютер саводхонлиги даражасини ошириш муҳимдир, чунки компьютерни билмаслик уларнинг имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин. Тадбиркорлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган, ўз фаолиятида муҳрлар ва штамплардан фойдаланмасликка доир ҳуқуқларидан фойдаланмасликларини ҳам таъкидлаш лозим. Хусусан, 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ–391-сонли қонун билан кичик бизнес субъектлари учун муҳрлар ва штампларни мажбурий тайёрлатиш тўғрисидаги талаб бекор қилинган.
Маълумот учун, «Ўзбекистон Бизнес форуми (III босқич)» лойиҳаси ССП ва БМТТДнинг қўшма ташаббуси ҳисобланади ва онлайн хизматларни жорий этиш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек инклюзив бизнес-моделларни ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлар йўли билан бизнес юритиш учун шарт-шароитларни яхшилашга йўналтирилган.
Изоҳ (0)