Европа Чемпионлар лигасининг чорак финалидан жой олган «Барселона» — «Ювентус» ўйинидан сўнг Луис Суарес ҳамда Жоржо Кьеллини ўзаро футболка алмашди.
Бу икки футболчи 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатидан кейин кўп муҳокама қилинганди. Уругвай ва Италия терма жамоаларининг гуруҳ босқичидан жой олган ўйинида Луис Суарес рақибининг елкасидан тишлаб олган бўлиб, кейинчалик ФИФА томонидан Уругвайнинг 9 та ўйинидан дисквалификация қилинганди.
Орадан уч йил ўтиб улар тўп сурадиган клублар Чемпионлар лигасида ўзаро тўқнаш келди ва натижа бобида Кьеллини ўша оғриқлар учун реванш олди. Дунёнинг энг кучли ҳужум учлиги дея таъриф бериладиган «Барселона» етакчилари 180 дақиқа давомида «Ювентус» дарвозасига йўл топа олмади.
Шунга қарамай, футболчилар ўзаро илиқ хайрлашди ва ўйин якунида эсдалик учун футболкаларини бартер қилди.
Маълумот учун, Луис Суареснинг «Барселона» билан тузилган шартномасида ўзга бир футболчини тишлаб олмаслик бўйича алоҳида банд бор.
Изоҳ (0)